Ссылки доступа

Ўзбекистонда яна бир молиявий пирамида фош этилди


Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида молиявий фирибгарликда айбланиб қўлга олинган чинозлик Аҳмадбой ва “Баҳо Марли” лақаби билан танилган Баҳодир Ўринбоевларнинг издоши 38 ёшли Нуриддин Абилғозиев қўлга олинди.

Маълумотда айтилишича, Нуриддин Абилғозиев уч шериги билан "Dilshod Avto Savdo" ширкатини ташкил этган. Мазкур ширкат автомобиль-олди-сотдисида воситачилик билан шуғулланиши лозим бўлган. Лекин, хабарда айтилишича, бу фаолият шунчаки қоғозда мавжуд бўлиб, ширкат хўжайинлари асосан товламачилик билан шуғулланган. Фойда келтирадиган ишга сармоя ётқизиш ваъдаси билан у одамлардан пул, қиматбаҳо буюмлар, мулк, чорва моллари ва транспорт воситаларини қабул қила бошлаган. У одамларга бунинг эвазига катта миқдорда устама фоизлар тўлашга ваъда берган.

Абилғозиев турли каналлар орқали гўёки ўз ширкатига пул киритган омонатчиларнинг муваффақиятлари тўғрисидаги ёлғон ахборотларни тарқатган. Аслида эса у омонатларни ширкатни ривожлантиришга эмас, аксинча, аввалги омонатчиларга устама фоизларни беришга сарфлаган. Бундан ортиб қолган маблағни эса ноқонуний равишда ўзлаштирган.

Хабарда билдирилишича, Нуриддин Абилғозиев шундай йўл билан юзлаб одамларни алдаган.

Янгийўл туман суди алданган одамларга келтирилган 700 миллион сўмлик (8750 доллар) зиённи ундириб бериш тўғрисида ажрим чиқарган. Бундан ташқари Абилғозиевдан 125та машина мусодара қилиниб, қонуний эгаларига қайтарилган.Абилғозиев ва унинг шерикларига суд қандай жазо белгилагани хабар қилингани йўқ.

XS
SM
MD
LG