Ссылки доступа

Тожикистонда тўрт зобит гаровга олиш ҳодисасидан сўнг ишдан бўшатилди


Тожикистон МХДҚ чегара қўшинлари Бош бошқармаси бир аскар томонидан унвон бўйича ўзидан юқори турадиган прапоршикни гаровга олганидан сўнг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги Дарвоза туманида жойлашган ҳарбий қисмнинг тўрт нафар зобитини эгаллаб турган лавозимидан озод қилди.

Бу ҳодиса бўйича махфийлик остида олиб борилган тергов ишлари якунланди ва кўриб чиқиш учун судга юбрилди. Ҳодиса 25 август куни Вишхарв қишлоғи худудида юз берди. Аскар Сафарбек Хонов салкам уч соат мобайнида чегара заставаси прапоршигини гаровда ушлаб турганидан сўнг отиб ўлдирилган эди.

ТБМВ ҳарбий прокуратураси ҳодиса юз берган ҳарбий қисмнинг ишдан бўшатилган тўрт нафар ходимига нисбатан жиноий иш очди. Вилоят куч ишлатиш тузилмаларидаги манбанинг 27 ноябрь куни айтишича, тергов ишлари давом этмоқда, айбланувчилар суд қарори чиққунга қадар озодликда бўлади.

Тожикистон чегара муассаси матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаевнинг 27 ноябрь куни айтишича, терговнинг тафсилотлари ўзларига аниқ эмас, ҳарбий қисм ходимлари хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлганлари учун ишдан бўшатилди.

Амалиёт вақтида ўлдирилган Сафарбек Хоновнинг Хатлон вилоятининг Жалолидин Балхий туманида истиқомат қилувчи қариндошлари айбдорларга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилишига умид қилишмоқда. Уларнинг фикрича, Сафарбек бу ишни руҳий босим остида қилган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG