Ссылки доступа

Қирғизистон собиқ муфтийсининг иккинчи никоҳи қизғин баҳсларга сабаб бўлди (видео)


Интернетда Қирғизистоннинг собиқ муфтийси, уламолар кенгашининг аъзоси, Чубак ҳожи Жалилов иккинчи хотини ҳақида гапираётган видео пайдо бўлди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари собиқ муфтий Чубак ҳожи Жалиловнинг баёноти муносабати билан, назорат органидан собиқ муфтий қонунни бузгани фактига баҳо беришни талаб қилиб, прокуратурага мурожаат қилиш ниятида.

Жалилов видеотасвирда 30 ёшдан катта бева аёлга уйланганини ошкора айтаяпти. Бундан ташқари, у эркакларга, агар имконияти бўлса, ўзининг мисолидан ўрнак олишни тавсия қилмоқда.

–​ Мен яна уйландим. Рафиқам билан ажрашганим йўқ. У, албатта, хафа бўлади, бунга унинг ҳаққи бор, лекин ҳаммаси яхши бўлади. Мен 30 ёшдан ошган ва бунгача Туркияда ишлаган, у ерда болаларга қараган бева аёлга уйландим. Шунинг учун қизларни Туркия, Хитойга юборманглар, уларга қаранглар ва ғамхўрлик қилинглар. Уйланмоқчи эмасдим, лекин бошқаларга ўрнак кўрсатишга қарор қилдим. Агар шуни ўзим бошламасам, унда ким бошлайди? Ҳаммаси сўзда қолиб кетмаслиги учун, бу ишни қилиш қарорига келдим. Намуна кўрсатиш, қирғиз қизга қараш ва уни таъминлаш учун уйландим. Агар имкониятингиз бўлса, уйланинг – дейди видеотасвирда, Қирғизистон собиқ муфтийси Чубак ҳожи Жалилов.

Чубак ҳожи Жалиловнинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаяпти. Аввалроқ Қирғизистон собиқ муфтийси шариат иккинчи хотин олишга рухсат беришини, лекин у буни қўллаб-қувватламаслигини айтган эди.

Бироқ қирғиз ҳуқуқ ҳимоячилари собиқ муфтий Жалилов республика қонунчилигини бузган, деб ҳисоблаяпти. «Қилим шами»​ ҳуқуқниҳимоя қилиш тшкилотининг раҳбари Азиза Абдирасулова «Азаттиқ»га Бишкек прокуратурасига ариза жўнатиш ниятида эканлигини хабар қилди.

– Чубак ҳожи Жалилов қонунни бузганини тан олаяпти. Иккинчи марта уйландим, биринчи хотиним хафа бўлди, деяпти. У бу ҳақда жамоатчиликка ошкора айтмоқда. Ҳар биримиз қонунларга амал қилишимиз ва уларни ҳурмат қилишимиз лозим. Агар биз қонун бузилганини била туриб, сукут сақласак, жиноятни яширган бўламиз. Бизнинг ташкилотимиз бугун видеони илова қилган ҳолда, расмий ариза билан Бишкек шаҳар прокуратурасига мурожаат қилади. У бошқа эркакларга улар иккинчи хотин олишдан қўрқмаслиги лозимлигини айтаяпти. Бу жуда хавфли чақириқ. У бошқаларни қонунни бузишга чақираяпти. Агар биз, у Чубак ҳожи, диний уламо бўлгани учун, жим ўтирсак, эртага бошқалар ҳам шундай қилади, – деди 28 ноябрь куни, ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова.

XS
SM
MD
LG