Ссылки доступа

Афина суди ТИУП Сиёсий кенгаши аъзосини Тожикистонга экстрадиция қилишни рад этди


Фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси(ТИУП) Сиёсий кенгаши аъзоси Шоҳнаими Карим (Мирзораҳим Кузов) ватанига экстрадиция қилинмайди. Афина суди шу ҳақда қарор қабул қилди, дея хабар берди 29 ноябрь куни партия матбуот котиби Маҳмуджон Файзраҳмонов.

Унинг сўзларига қараганда, суд қарорида Мирзораҳим Кузов ишида сиёсий омиллар тургани таъкидланади. Суд тожик муҳолифатчисини ҳибсдан озод қилиш борасида қарор қабул қилди. Маҳмуджон Файзраҳмоновнинг айтишича, суд залида исломий партия раҳбарлари ҳам бор эди.

Мирзораҳим Кузов Интерпол сўровига биноан 9 октябрь куни Греция пойтахтидаги халқаро аэропортда қўлга олинган эди. «Мирзораҳим Кузов Варшавадан Греция орқали Теҳронга қайтаётган эди. Грек чегарачилари Афина халқаро аэропортининг транзит ҳудудида уни ушлашди. 10 октябрь куни Шоҳнаимни Греция пойтахти яқинидаги Коридаллос қамоқхонасига ўтказишди», - дея хабар берган эди ўшанда Маҳмуджон Файзраҳмонов.

Унинг сўзларига қараганда, Кузов ТИУПнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТнинг йиллик анжуманида иштирок этган делегацияси таркибида бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг кузида Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдуҳалим Назарзоданинг “исён кўтаришга уриниш”идан сўнг исломий партия давлат тўнтаришини уюштиришда айбланган эди. Тожикистон Олий суди ТИУПни террор ташкилоти дея тан олди ва унинг фаолиятини мамлакат ҳудудларида тақиқлади.

XS
SM
MD
LG