Марш иштирокчиларининг сўзларига қараганда, “қадрият инқилоби” юз берганидан ўтган тўрт йил мобайнида мамлакатда ҳеч нарса ўзгармагани учун ҳам 3 декабрь куни намойишга чиқишган.
Икки ойдан бери парламент биноси олдида чодирлар лагери қурган фаолларнинг – депутатлик дахлсизлиги бекор қилиниши, аксилкоррупция судини тузиш ва янги сайлов тизимини яратиш борасидаги талабларига бу гал яна битта талаб: “Украина президенти Петр Порошенко импичменти” тўғрисидаги қонун қабул қилиниши қўшилди.
Саакашвили баёнот бериб, Порошенко Бош прокуратура ва УХКга яқин орада ўзини ҳибсга олиш борасида фармойиш берганини, 30 ноябрь куни Украина Давлат миграция хизмати Украина фуқаролигидан маҳрум қилинган Саакашвилининг мамлакатда бўлиш муддатини яна уч ойга, 2018 йилнинг 1 мартига қадар узайтирганини айтди. Шу билан бирга “Янги кучлар исёни” раҳбари ўзини ҳар бир дақиқада Украинадан Грузия ёки Польшага чиқариб юборилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит қилмади.