Тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг хабар қилишича, Мурод Жўраев 4 декабрь куни тушлик қилиб ўтирган пайтида, бирданига жон берган.
Сўнгги ойларда Мурод Жўраев оғир хасталиги боис даволаниш учун Германия сафарига ҳозирланаётган эди. У даволаниш учун хорижга чиқиш изнини қарийб 2 йил кутган ва шу йилнинг 7 октябрида чиқиш визасини олган эди.
Мустақил Ўзбекистон тарихида энг узоқ вақт - 21 йил қамоқда ўтирган собиқ сиёсий маҳбус Мурод Жўраев 2015 йилнинг 12 ноябрида озод этилган эди. Яқинлари унинг зудликда муолажа олиши зарурлигини айтиб келаётган эдилар.
Мухолифатдаги “Эрк” партияси аъзоси бўлган Жўраев Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1995 йилдаги ҳукми билан конституциявий тузумга тажовуз, давлат тўнтаришига уриниш моддалари асосида 12 йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо қамоқхонада бир неча бор жазо муддати узайтирилган.