Ссылки доступа

ХОҚ Россия терма жамоасини қишки Олимпиададан четлатди

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Ижроия қўмитаси 2018 йил феврал ойида Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки олимпия ўйинларидан Россия терма жамоасини четлаштириш борасида қарор қабул қилди, шу билан бирга “пок” спортчиларни олимпиаданинг бетараф байроғи остида иштирок этишларига рухсат берди.

ХОҚ қарорига биноан, Олимпиадада Россия гимни ҳам ижро этилмайди.

“Допинга қарши кураш тизимини мунтазам равишда ҳийла қилгани боис” Россия Олимпия қўмитаси дисквалификация қилинди. ХОҚ шунингдек, Россия бош вазири ўринбосари Виталий Мутко ва Спорт вазирининг собиқ ўринбосари Юрий Нагорнийларни умрбод Олимпиадага киришдан маҳрум қилди. Шуниндек, Россия спорт вазирлигининг бирорта ҳам ходими Пхенчхандаги мусобақаларга кира олмайди.

Бундан ташқари, ХОҚ Россия Олимпия қўмитасига тергов ишларига сарфланган харажатларни қоплаш учун 15 миллион доллар тўланишини юклади.

Федерация Кенгашининг мудофа ва хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Франц Клинцевич ва Давлат Думаси раисининг ўринбосари Игорь Лебедев "Интерфакс"га, Россия спортчилари Олимпиадани бойкот қилишлари кераклигини айтишди.

Россиянинг ВГТРК холдинги россиялик спортчилар бўлмагани боис Пхенчандаги Олимпиада ўйинларини намойиш қилишдан воз кечди, дея маълум қилди компания матбуот хизмати "Интерфакс"га.

Бу - мунтазам равишда допинг истеъмол қилгани боис бутун бошли командани четлаштирилиши билан боғлиқ қишки Олимпиада тарихидаги биринчи ҳодисадир. Сочида бўлиб ўтган Олимпиада-2014да умумий ҳисобда Россиядан 11та медал олиб қўйилган эди.

XS
SM
MD
LG