Ветеринария ва санитария назорати хизматининг(Россельхознадзор) Новосибирск вилояти бошқармаси ахборотига қараганда, 76 тонна карантин остидаги маҳсулот қоидабзарлик муносабати билан «Карасук» назорат постида ушлаб қолинган.
Бошқарманинг хабарига қараганда, Қозоғистон ва Қирғизистондан автотранспортда олиб келинаётган маҳсулотни текшириш шуни кўрсатдики, Қирғизистондан олиб келинаётган хурмо, олма, қовун ҳамда Қозоғистондан келтирилаётган, умумий оғирлиги 55,7 тонна бўлган думалоқ пиёз қадоқлашда маркировка қилинмасдан ташилган. Умумий оғирлиги 609 килограмм бўлган, Қирғизистонда ишлаб чиқарилган қуритилган олча, янги беҳи ва хурмо, қизил гуруч, Қозоғистонда тайёрланган олхўри, анор, ёнғоқларда, шунингдек, хитой мандаринлари ва узумда фитосанитария сертификатлари бўлмагани хабар қилинмоқда.
Бу карантин остидаги маҳсулотлар жўнатувчиларга қайтариб юборилди, деб хабар бермоқда матбуот хизмати.
Бошқарма бир неч ўнлаб килограмм янги ноклар йўқ қилинганини ҳам хабар қилаяпти. Матбуот хизматининг хабарига қараганда, умумий оғирлиги 36 килограмм бўлган янги нокларнинг иккита партияси аниқланган. Улар «фитосанитария назоратидан ўтказилмай, Бельгия ҳамда Нидерландияда ишлаб чиқарилганлик маркировкаси билан олиб кирилаётган эди». Бошқарманинг хабарига кўра, мевалар олиб қўйилганидан сўнг, «махсус майдончада, механизациялашган усулда йўқ қилинди».