Ссылки доступа

Андижонда ота саккиз яшар қизини бўғиб ўлдирди

Андижоннинг Булоқбоши туманида Диёрбек Йўлдошев 8 ёшли қизи Севарани бўғиб ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Йўлдошев қизини ўлдириб, зовурга ташлаган ва жиноятни 40 кун давомида яшириб келган.

23 октябрь куни бедарак йўқолган саккиз ёшли Севара Йўлдошеванинг жасади 2 декабрь куни Булоқбоши туманидаги зовурдан топилди. Қизнинг ўлимида унинг отаси 27 яшар Диёрбек Йўлдошев айбланмоқда.

Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, ҳибсга олинган Йўлдошев саккиз ёшли қизини бўғиб ўлдириб, зовурга ташлаган ва жиноятни 40 кун давомида яшириб келган. Йўлдошев тергов давомида қизини ўлдирганини бўйнига олган.

Йўлдошевни яқиндан билганлар у хотини билан ажрашгач, ёлғиз қизи учун алимент тўламаслик мақсадида ушбу қотилликка қўл урган деган иддаони айтишади. "Диёрбек икки йилча бўлди хотини билан ажрашиб, бошқаси билан турмуш қурганига. Биринчи хотинидан бўлган қизига алимент тўлаб келган. Бунинг устига ҳеч қаерда ишламайди. Шу алиментдан қутилиш учун 8 ёшли қизини бўғиб ўлдирган, дейишяпти", - дейди булоқбошиликлардан бири.

Марҳум қизалоқнинг қариндошлари ҳам ушбу иддаони илгари суришади. Бироқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов сири сифатида жиноят мотивларини очиқламади.Ҳозирда Диёрбек Йўлдошев устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси ("Қасддан одам ўлдириш") билан жиноий иш қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG