Ота-оналарга кўра, агар ўқувчи кўмир ёки ўтин олиб боролмаса, ўрнига 20 минг сўм ($2,5) пул бериши талаб қилинаяпти. Талабни бажармаган ўқувчиларнинг ота-оналарига директорлар босим ўтказмоқда.
Уч фарзанди мактабда ўқийдиган андижонлик Зоҳидхон аканинг Озодликка айтишича, мактаб раҳбарияти синфхоналарни иситиш учун ҳар бир ўқувчига бир қоп ўтин ёки кўмир ё бўлмаса 20 минг сўм пул олиб келишни тайинлаган. Ўтин олиб келмаган ўқувчилар эса синфдошлари олдида уялтирилмоқда.
– Менинг уч фарзандим ўқийди, ойига уч қоп ўтин ёки 60 минг сўм беришим керак. Бермасам болаларни синфдошларини олдида уялтиряпти экан “отанг мактабга бир боғ ўтин беришга қурби етмади", деб. Ҳокимият мактабларга қараса бўлмайдими, қачонгача мактабнинг юкини кўтариб юрамиз, - дейди Зоҳиджон ака.
Андижон шаҳридаги мактаб мулозимлари ўтин олиб келиш талаб қилинаётганини тасдиқлади. Мактаб раҳбарларидан бири бу мажбурий эмаслиги, мактабни иситиш учун фақат қурби етган ота-оналардан ёрдам сўралганини айтди.
– Болалар совуқда ўтирмасин, деб қилиняпти-да бу. Ота-оналар беминнат ёрдам беряпти, ахир уларни фарзандлари ўқийдику, шулар учун қилиняпти бу, қишдан чиққунча бир амаллаймиз-да, - деди у.
Андижон вилоят ҳокимининг ёрдамчиси мактабларга кўмир ва ўтин "солиғи" солинганини инкор қилди. "Газ бор, берилаяпти", - деди ҳоким ёрдамчиси.