Пойтахт маъмуриятининг маълум қилишича, шаҳар мажлиси депутатлари Душанбе шаҳрининг 11 ойда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижаларини ва 2018 йилги вазифаларни, келаси йил бюджети ва “Душанбе шаҳрининг 2025 йилгача ижтимоий-иқтисодий Дастури”ни муҳокама қилади. Шунингдек, пойтахт маъмуриятининг таълим ва бу соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар борасидаги тадбирлар режаси ва дастурларини ҳам муҳокама қилишади.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон шу йил 12 январ куни ўзининг катта ўғли Рустами Эмомалини Душанбе мэри этиб тайинлаган эди. У шаҳарга 20 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Махмадсаид Убайдуллоевнинг ўрнини эгаллади. Унга қадар Рустами Эмомали Тожикистон аксилкоррупция агентлигига, ундан аввалроқ эса мамлакат Божхона хизматига раҳбарлик қилган эди.
Рустами Эмомали Тожикистон раҳбарининг 9 нафар фарзандининг биридир, у Тожик Миллий университетини битирган.
Пойтахт ҳокими сифатида Рустами Эмомали Душанбе шаҳар бош режасини ҳаётга татбиқ этишни тезлаштирди. Бу йил Маяковский номли театр биноси, Душанбе хокимлигининг биноси, Қишлоқ хўжалик вазирлиги, Жомий номли кинотеатр, Рудакий проспектидаги аркали уйлар, «Шохмансур» бозори бузилди. Уларнинг ўрнида замонавий бинолар қад ростлади.