Ссылки доступа

CPJ Душанбега мурожаат қилиб зудлик билан тожик ҚВЗчилари етакчиси озод қилинишини талаб қилди


Қароргоҳи Нью-Йорклда жойлашган CPJ ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ижрочи директори Роберт Махони Хайрулло Мирсаидовнинг хибсга олиниши ва унга нисбатан айб қўйилишини кескин танқид қилди.

«Эркин матбуот ва танқид бўлмаган ерда Мирсаидов сингари журналистлар сохта айблар билан қамоқда ўтиришлари эмас, балки уларнинг муҳим ишлари тан олиниши керак», - дея таъкидлайди Махони.

Ундан бир кун аввал ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи Human Rights Watch (HRW) ва Норвегиянинг Хельсинки қўмитаси Хайрулло Мирсаидов озод қилиниши ва унга нисбатан адолатли тергов олиб борилиши ҳақида баёнот берган эди. Хуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашларича, журналист Тожикистон президентига маҳаллий расмийлар томонидан содир этилаётган коррупция фактлари тергов қилиниши борасида мурожаат қилганидан сўнг Мирсаидовга нисбатан таъқиб бошланди.

Хайрулло Мирсаидов 5 декабрь куни Сўғд вилояти прокуратурасига таклиф қилинган. Ўша куни уни ҳибсга олишган.

Сўғд вилояти прокуратурасининг хабар қилишича, ҚВЗнинг Тожикистон жамоаси раҳбарига нисбатан ТР Жиноят Кодексининг тўртта моддаси –“Ўзлаштириш ёки талон-тарож қилиш”, “Миллий ирқий, маҳаллий ёки диний нафарат қўзғатиш”, “Сохта ҳужжат, давлат мукофотлари, муҳр, бланкаларни ясаш ва сотиш” ва “Била туриб ёлғон хабар бериш” бўйича жиноий иш очилди. У 10 йил қамоққа ҳукм қилиниши мумкин. У ўзига қўйилаётган айбларни тан олмаяпти.

Бундан аввал Хайрулло Мирсаидов маҳаллий расмийлар билан ўзи ўртасидаги можаро ҳақида айтган эди. Маҳаллий расмийлар уни ҚВЗ жамоаси учун ажратилган давлат маблағларини мақсадсиз ишлатганликда айбламоқда. «Мен 8 ноябрь куни президент Раҳмон, Бош прокурор ва Сўғд вилояти раиси Абдураҳмон Қодирийга мурожаат қилишга ва уларни маҳаллий амалдорлар айби билан жамоа дуч келаётган муаммолар ҳақида огоҳлантиришга мажбур бўлдим», - дея хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG