Ссылки доступа

Стокҳолмда одамларни машина билан бостирган ўзбекистонлик Оқиловга нисбатан тергов якунланди


Прокурор Ханс Ирман Швециядаги TV 4 телеканалига 18 декабрда берган интервьюсида, жорий йилнинг апрелида Стокҳолмда террор ҳаракатини амлга оширган Ўзбекистон ватандоши Раҳмат Оқиловга нисбатан тергов жараёни якунланганини айтди.

“Дастлабки тергов якунланди ва материаллар адвокатга тақдим этилди. Лекин суд таъқибини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинмади”, - деди прокурор Ханс Ирман. Унга кўра, Раҳмат Оқиловга нисбатан суд жараёни 2018 йилнинг февраль ойида бошланиши кутилмоқда.

Эcлатиб ўтамиз, Оқилов 2017 йилнинг 7 апрелида Стокҳолм марказидаги Дроттнинггатан кўчасида юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаши оқибатида 5 одам ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган эди. Ҳужум юзасидан икки нафар гумонланувчи қўлга олинган. Асли ўзбекистонлик бўлган Раҳмат Оқилов юк машинани боршқаргани аниқланган. Оқилов тергов пайтида ўзига билдирилган айбловни тан олган ва “қилган ишидан мамнун экани”ни, "ўз мақсадига етишгани”ни айтган.

Раҳмат Оқилов 7 апрель куни содир этган ҳужумдан сўнг "Ислом давлати" тарафдорларига хат ёзиб улгурган. 10 апрель куни швед матбуоти унинг Telegram орқали "ИД" тарафдорлари билан қилган ёзишмаларини чоп этди. Рус тилидаги ёзишмаларида Раҳмат Оқилов Стокҳолм марказига қандай ҳужум қилишини очиқ ёзган. Бундан ташқари, юк машинасини одамлар устига ҳайдаши натижасида кам одам ўлганидан афсус билдиради.

Полицияга кўра, асли самарқандлик 39 ёшли Раҳмат Оқилов Швецияга 2014 йилда келиб, сиёсий бошпана сўраган, аммо 2016 йил июнида рад жавобини олган. Ўтган йилнинг 16 декабрида Оқиловга Швецияни тарк этиши учун тўрт ҳафта муҳлат берилган. Аммо Оқилов ғойиб бўлгач, миграция хизмати унинг ишини Швеция полициясига топширган.

XS
SM
MD
LG