Ссылки доступа

Туркманистон расмийлари Янги йил байрамларига тайёргарлик кўрмоқда


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг фармойишидан кейин янги йил байрамларини “юқори даражада” ўтказиш ва тайёргарлик кўриш масаласида қатор чоралар кўрилмоқда. Ашхабод мактабларида янги йил арчаси тадбирларида иштирок этишга мажбур ўқувчиларнинг рўйхати тузилмоқда.

Шу билан бирга арча байрамига борувчи қуйи синфларнинг ўқувчиларига ҳамроҳлик қиладиган ўқитувчилар ҳам танланмоқда. "Йил сайин тадбирларда иштирок этишга мажбурлаш байрам кайфиятини ўлдирмоқда. Байрамни оила даврасида нишонлаш ўрнига совуқ ҳавода кўчалардаги тадбирларда иштирок этишга мажбурмиз", - дейди 30-ёшли ўқитувчи.

Унинг сўзларига қараганда, байрам арафасида мамлакат бозорларида озиқ-овқат, хўжалик маҳсулотларининг нархи ошди, асосий маҳсулотлар - ун, шакар ва ўсимлик мойи эса пештахталардан ғойиб бўлди.

Шуни таъкидлаш керакки, мамлакатда янги йил байрамига тайёргарлик кўришда “озиқ-овқат мўл-кўллиги”ни таъминлаш давлат раҳбари кўндаланг қўйган масалалардан биридир.

Айни дамда пойтахт бозорларида айрим тақчил маҳсулотлар пайдо бўлиб, нисбатан арзон нархларда, шунда ҳам чекланган миқдорда, сотилмоқда. Масалан, пойтахтдаги савдо нуқталарида махсус ажратилган жойларда бозор нархидан икки баробар арзон нархда газланган алкоголсиз ичимликлар, битта қўлга иккита шишадан сотилмоқда. Шунингдек, маҳсулотларга икки хил нарх сақланиб турибди, масалан бир килограмм гўшт 18 манат (5 долларга яқин) деб ёзилган бўлишига қарамай, 22 манатга сотилмоқда.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, нархлар ошиб кетгани боис кўпчилик ўзларининг овқатланиш рационини қисқартиришга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG