Ссылки доступа

Ўзбекистон фуқароси Россияда ҳизбчиликда айбланиб, 16 йилга қамалди

Москва суди Россияда бошпана изловчи мақомида яшаб юрган ўзбекистонлик Раҳмиддин Камоловни “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотининг Москвадаги бўлимига раҳбарлик қилиб келганликда айблаб, 16 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди.

Асли бухоролик 28 яшар Камоловнинг ҳукмини Москва ҳарбий округ суди 17 декабрь куни эълон қилди. Камолов ҳибсга олинишидан олдин Москвадаги “Помошь-Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли бўлган.

Камоловнинг адвокати Тимофей Широков суд қарорига эътироз билдирди. Унга кўра, терговчилар Раҳмиддин гўё аввал “Ҳизб ут-Таҳрирга” қўшилган, кейин одамларни уюштирган, йиғинлар ўтказган. Адвокатга кўра, судда Раҳмиддиннинг ҳатто “Ҳизб” аъзоси экани борасида бирорта исбот келтирилмади, бирорта гувоҳ гапирмади. Адвокатнинг берган маълумотига биноан, бу иш билан боғлиқ яна бир неча марказий осиёлик ва россиялик жиноий жавобгарликка тортилган.

Камолов Ўзбекистон Конституциявий тузумига тажовуз ҳамда ноқонуний диний гуруҳга аъзоликда айбланиб Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари томонидан қидирувга берилган.

Марказий Осиё республикалари ва Россияда тақиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилоти унинг фаолияти тинчликка асосланганини таъкидламоқда. Ушбу халқаро сиёсий ташкилотнинг мақсади - мусулмон давлатларни Шариат қонунлари томонидан бошқариладиган глобал ҳалифалик байроғи остида бирлаштириш, деб айтилади.

XS
SM
MD
LG