Рухубелент ва Сапармират Туркменбаши туманларидаги қишлоқларда ўнлаб ҳайвонлар касаликка чалинмоқда, дея “Озодлик” радиоси манбаларига хабар берди бу қишлоқларнинг аҳолиси.
"Касаликка чалинган ҳайвонлар бир ҳафтага қолмай нобуд бўлмоқда. Аввалига тери остида ўрик данаги катталигида ўсимта пайдо бўлади. Моллар ем емайди, оёққа тура олмайди ва шу тариқа ҳалок бўлади", - дейди “Озодлик”ка Рустам исмли маҳалий аҳоли вакили. У ўзига тегишли икки бош мол номаълум инфекция туфайли ҳалок бўлганини айтди.
Рустам ўз сўзига қўшимча қилар экан, аҳоли маҳаллий ветеринарларга мурожаат қилганини, аммо моллар чалинаётган инфекцияларни аниқлаш уларнинг қўлидан келмаяпти. "Улар вирусни ҳам аниқлай олишмаяпти, чоралар ҳам кўра олишмаяпти... Улар бу каби касалликлар учун ўзларида вакцина йўқлигини айтишади", - дейди Рустам.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, уй ҳайвонларининг нобуд бўлаётгани сабабли улар маҳаллий маъмуриятга мурожаат қилишган, аммо муаммони бартараф этишда бирор бир чора кўра олишмаяпти.
"Биз нима қилишни билмаяпмиз. Молларимиз нобуд бўлмоқда. Касалланган молларнинг гўшт ва сутини сотиш хавфли, чунки касаллик одамларга юқиши мумкин. Биз муаммоларни маҳаллий ҳукуматга айтганимизда, улар ҳеч нарса қила олмасликларини, вирусни аниқлайдиган бўлсак, у ҳолда албатта бизга ёрдам беришларини айтишди", - дейди “Озодлик”ка Дашоғузлик суҳбатдош.
Ўтган йил сўнгида Туркманистоннинг бир қатор минтақаларида, жумладан Дашоғузда уй ҳайвонлари ва паррандалар нобуд бўлгани ҳақида айтилган эди. Маҳаллий ахоли ветеринарларга таяниб ҳайвонлар ва паррандаларнинг нобуд бўлишига куйдирги сабаб бўлганини айтишган эди. Туркманистон ҳукумати эпидемия ҳақидаги хабарни расман тасдиқламади ва инкор ҳам қилишмади.