Ссылки доступа

Туркманистонда биринчи президент Сапармурод Ниёзов музейи очилди


Бу йил Туркманистон биринчи президенти Сапармурод Ниёзовнинг хотираси куни аввалги йиллардан фарқли равишда мамлакат раҳбарияти томонидан алоҳида тантанали ўтказилди, бу ўз навбатида айрим кузатувчилар томонидан бир қатор саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Давлатга тегишли ТДХ ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда, биринчи президент вафот этган сана - 21 декабрь куни Туркманистоннинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан тантанали равишда Сапармурод Ниёзовнинг музейи очилган. Музей очилиши маросимида ҳукумат, парламент аъзолари, шунингдек жамоат ташкилотлари, матбуот вакиллари, ҳурматли оқсоқоллар, талабалар ва Ашхабод аҳолиси иштирок этди.

11 йил муқаддам вафот этган биринчи президентни ёдга олиш тадбирлари мамлакат бошидан кечираётган оғир иқтисодий инқироз даврларига тўғри келди.

Давлат раҳбари ўз сўзида, мамлакатда хотира маросимлари ўтказилаётганини, дуолар қилинаётганини таъкидлар экан, ўтмишдошининг расмий унвонлари бўлмиш “Туркманбоши” “Сардор” ибораларини ишлатмади. Узоқ йиллар давомида “Туркманбоши” сингари Сапармурод Ниёзовга нисбатан қўлланилган “Сардор” титули ҳам Туркманистон давлат ОАВларида ишлатилмади.

Хабарларга кўра, Ниёзовнинг вафотидан кейин унинг барча ҳайкаллари, жумладан шаҳарнинг рамзларидан бири бўлмиш Бетарафлик арки дея ном олган 83 метрли Туркманбоши ҳайкали ҳам ё бузиб ташланди, ё шаҳар четига кўчирилди. Ниёзов ва унинг оила аъзолари номидаги кўчалар, аҳоли пунктларининг номи ўзгартирилди.

Сапармурод Ниёзов Туркманистонга 1985 йилдан 2006 йилгача раҳбарлик қилган.

XS
SM
MD
LG