Ссылки доступа

Андижоннинг сўконғич ҳокими 5 миллион сўмлик жаримага тортилди

Суд қарори билан Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевга нисбатан энг кам иш ҳақининг 30 баравари (650 доллар) миқдорида жарима жазоси қўлланилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган", – дейилади Бош прокуратура хабарида.

Аввалроқ Андижон вилояти прокуратураси Андижон шаҳар ҳокими шаҳардаги бир қатор ўқув муассасаларининг раҳбарларини уятсиз сўзлар билан сўкиб, ҳақоратлагани факти тасдиқланганини хабар қилган эди.

Шаҳар ҳокимлигидаги манбалар прокуратура ходимлари Андижон шаҳри раҳбари мажлис қатнашчиларини уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилаётган аудиоёзув эълон қилинганидан сўнг, “жиддий текшириш ўтказганлиги”ни хабар қилишди.

Эслатиб ўтамиз, Раҳматуллаев 16 октябрь кунги мажлисда маҳаллий колеж ва академик лицей раҳбарларини пахтага етарли одам жалб қила олмаганлари учун “шакал”, “тварь”, “ҳайвон”, “эшшак”, "падаринга ланат", деб ҳақорат қилган.

18 ноябрь куни эса шаҳар ҳокимлиги йиғилишида сўконғич ҳоким 64 яшар ўқитувчи аёлни “ҳаром”, “ҳайвон”, деб ҳақорат қилган.

XS
SM
MD
LG