Ссылки доступа

Бишкекда оқ қалпоқ ҳимояси бўйича акция бўлиб ўтди


Фаоллар бугун пойтахтнинг «Бишкек-парк» савдо марказида оқ қалпоқ (миллий бош кийим) ҳимояси бўйича тинч акция ўтказдилар

Ташкилотчиларнинг тушунтиришига қараганда, бу пикет билан улар оқ қалпоқ миллий бош кийим ва маданий бойлик эканлигини жамоатчиликка етказмоқчи. Бундан ташқари, фаоллар итга оқ қалпоқ кийгазиб қўйганларни жазолашни талаб қилишмоқчи эканлиги хабар қилинмоқда.

Пикет иштирокчиларининг сўзларига қараганда, савдо марказининг раҳбарияти ҚР халқи олдида узр сўраши керак. Бундан ташқари, фаоллар, «Бишкек Парк» раҳбарияти ўз айбини ювиши учун, давлат қариялар уйи ва болалар уйига 10 млн сом ўтказиши зарур деб топишди. Бунда ушбу талабни қўйганлар, агар бу талаб бажарилмаса, савдо маркази дирекцияси “энг қатъий тарзда қонун бўйича жавобгарликка тортилиши” ҳақида огоҳлантиришди.

«Бишкек Парк» номидан намойиш иштирокчиларининг олдига ҳеч ким чиқмади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Интернетда қалпоқ кийгазилган итнинг фотосурати тарқалиб кетди. Аниқланишича, сурат «Бишкек Парк»да бўлиб ўтган Dog’s Fashion Show-2018 итлар кўргазмаси пайтида тасвирга олинган.

Баъзи ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар бу ишорани танқид қилишди, бошқалари эса бунга унчалик катта эътибор бермаслик фикрини билдиришди ва муҳимроқ ишлар билан шуғулланишга чақиришди. Кўргазма ташкилотчилари, ўз навбатида, иштирокчиларнинг кийими учун жавобгар эмасликларини таъкидлашди. Уларнинг сўзларига кўра, “Бу шунчаки бир танлов, холос”.

Итга миллий бош кийим кийдирганларни жазолаш чақириғини кинорежиссёр Ирисбек Жабиров, бир қанча фаоллар, кейинчалик Жўқорғу Кенешнинг бир неча депутутлари ўртага ташлади. Бунга жавобан президентнинг парламентдаги вакили Молдахун Абдилдаев давлат раҳбарининг девони бу фактга ўз баҳосини беришини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG