Ссылки доступа

Ашхабод аэропортида йўловчилардан дорилар олиб қўйилмоқда


Радио Азатлиқ (Озодлик радиосининг туркман хизмати) билан ижтимоий тармоқлар орқали боғланган Туркманистон аҳолисининг сўзларига қараганда, Ашхабод аэропортида йўловчиларнинг қўл юклари мажбуран текширилмоқда ва дорилар олиб қўйилмоқда.

«Беларусиядан қишки таътил муносабати билан учиб келганимда Ашхабод аэропортида мени божхона хизмати ходимлари чақирди, сумкамдаги бор нарсаларни ёйиб ташлашимни талаб қилишди. Сумкада юрак оғриғидан азият чекаётган онам учун дорилар, жумладан «Корвалол», «Валидол», шунингдек бош оғриғини қолдирадиган «Цитрамон» ва «Парацетамол» каби дорилар бор эди. Дориларни сотиб олганим тўғрисидаги дорихона чеки ҳам қўлимда эди. Шунга қарамай улар менга қараб бақира бошлашди ва жарима тўлаш борасида протокол ёзиш билан пўписа қилишди. Барча дориларни олиб қўйишди», – дейди «Азатлиқ»қа Беларусиядаги олий ўқув юртларидан бирининг талабаси.

Унинг сўзларига қараганда, аэропортнинг божхона хизмати ходимлари дориларни олиб қўйиш сабабларини тушинтиришмаган, шунингдек, дориларни олиб киришни тақиқловчи расмий ҳужжжатларни ҳам тақдим қилишмаган. Протокол ҳам тузишмади, фақат “мумкин эмас” дейишди, холос.

Озодлик Радиоси Ашхабод аэропортида дори воситаларининг олиб қўйилиши сабаблари борасида Туркманистон Миграция хизмати вакилларидан ҳам бирор бир изоҳ олмади.

Туркманистонга дори воситаларини олиб кирмаслик борасидаги қўйилган тўсиқлар мамлакатда тиббиёт анжомларининг етишмаётган ва қимматлашган вақтига тўғри келиб қолди. “Озодлик”нинг Туркманистондаги манбаларининг айтишларича, мамлакатнинг айрим минтақаларидаги тиббиёт муассасаларида ҳатто инъекция учун игналар ҳам йўқ, шифохоналарда беморларнинг ўзидан дори-дармон ва зарур анжомларни олиб келиш талаб қилинмоқда.

2017 йил давомида Туркманистонда дорилар нархи бир неча бор қимматлади.

2017 йил мамлакат расмийлари томонидан “Саломатлик ва илҳом йили” дея эълон қилинган эди.

Дориларнинг қимматлашуви ва мамлакатдаги давлат дорихоналарида дориларнинг йўқлиги борасида ҳукумат расмийлари бирор бир изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG