Ссылки доступа

Назарбоевнинг куёвини Қозоғистондаги журнал «йил тадбиркори» деб атади


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви - Қозоғистон ишбилармонларининг «Атамекен» миллий палатаси президиуми раиси Тимур Кулибаев Forbes Kazakhstan журнали томонидан «Йил тадбиркори» дея эълон қилинди.

Муқовасида Тимур Кулибаев сурати акс этган журнал 4 январь куни сотувга чиқди.

Тимур Кулибаев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўртанча қизи Динарага уйланган, 2011 йилдан бошлаб Россиянинг «Газпром» компанияси директорлар кенгаши таркибига кирган. Тимур ва Динара Кулибаевалар «АЛМЭКС» компанияси орқали Қозоғистон Халқ банкини назорат қилади, маълумки, бу банк ўтган йили активлари бўйича Қозоғистондаги энг йирик — Казкоммерцбанкни сотиб олган эди. Бошқа компанияларда ҳам Кулибаевнинг активлари бор.

“Казкоммерцбанк ва Халқ банкининг бирлашуви, суғурта бозорида мавқеининг ошиши, авиация соҳаси ва тиббиёт бизнесидаги муваффақиятлар— буларнинг ҳаммаси бизнесменга қўшимча балл берди. Ўтган йилда у қўлга киритган ютуқлардан бири сўзсиз, “Атамекен” миллий палатаси ва ҳукумат ўртасидаги мулоқотнинг фаоллашгани бўлди”, — дейилади Forbes Kazakhstanда эълон қилинган изоҳда. Мақолада таъкидланишича, 2017 йилда Кулибаев Forbes Kazakhstan версияси бўйича яна “50 нафар нуфузли тадбиркорлар” рейтингини бошида турган ва Қозоғистондаги “Энг бой 50 нафар тадбиркор” рейтингининг биринчи учлигига кирган.

Тимур Кулибаев Қозоғистон нефтгаз ва энергетика KAZENERGY мажмуаси ташкилотлари ассоциацияси ва Миллий олимпия қўмитасига раҳбарлик қилади, Қозоғистон бокс федерацияси, Спорт якка кураши ва куч спорти турлари Конфедерациялари бошлиғидир. Американинг Forbes журнали маълумотларига қараганда, Тимур Кулибаевнинг бойлиги 2,1 миллиард долларни ташкил қилади. Кулибаевлар оиласининг бойлиги эса Американинг Forbes журналига кўра, тўрт миллиард доллардан ошиб кетади.

XS
SM
MD
LG