Ссылки доступа

Душанбеда амалдорнинг Чехияда кўчмас мулки борасидаги OCCRP суриштирувларига эътибор қаратишмади


Тожикистон расмийларига “Тожик темир йўллари” ДУК собиқ раҳбари Амонулло Ҳукуматулло (Ҳукумов)нинг оиласи Чехиядаги сайёҳлар орасида машҳур бўлган иккита жойдан $10,6 млн кўчмас мулк сотиб олгани борасида маълумот берилди.

Тожикистон Бош прокуратурасининг маъсул ходими Фирдавс Раҳимзод 8 январь куни баёнот бериб, Амонулло Ҳукумовнинг оиласи Чехияда кўчмас мулк сотиб олганини Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш Маркази (OCCRP — the Organized Crime and Corruption Reporting Project) суриштирувларидан хабар топганликларини айтди. «Бу борада бизга ҳеч ким расман мурожаат қилгани йўқ. Биз журналистлар суриштируви орқали хабар топдик, бироқ фактлар нечоғлиқ ҳақиқатга тўғри келишини билмаймиз», - деди Раҳимзод.

Унинг сўзларига қараганда, бу факт бўйича тергов олиб борш режалаштирмаяпти. «Раҳбарият тергов ҳақида хабар берса, у ҳолда биз албатта ОАВга бу борада маълумот берамиз», - дея таъкидлади Фирдавс Раҳимзод.

Тожикистон молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш Агентлиги ҳам Амонулло Ҳукуматулло оиласи Чехияда кўчмас мулк сотиб олгани ҳақида OCCRP суриштирувлари орқали хабар топган, бироқ унга муносабат билдирмади.

Шунингдек, OCCRP терговига “Тожик темир йўллари” ДУК ҳам муносабат билдирмади. Давлат корхонасининг маъсул ходимларидан бирининг айтишича, темир йўлларнинг собиқ раҳбари қайси йўллар билан бойлик ортиргани уларни қизиқтирмайди. «У тепловоз ёки вагон ўғирлаганида - бошқа гап эди. Биз бу каби ёмон ҳатти-ҳаракатга эътибор бермадик. У қандайдир мамлакатда топилган даромади, бизга номаълум бўлган пуллари, ҳисобига кўчмас мулк сотиб олибди. Илтимос айтингчи, бу ерда Тожик темир йўлларининг қандай алоқаси бор?», - ҳайрон бўлди маъсул ходим.

OCCRP ҳисоботига кўра, Амонулло Ҳукумовнинг хотини ва фарзандлари Карлови Вари ва Мариан Лазняда олтита кўчмас мулкка эгалик қилади. 2012 йилнинг декабридан бошлаб Ҳукумовлар иккита уй ва тўртта бино учун $10,6 млн сарфлашган. Ҳукумовлар шунингдек, Москвада $1,1 млн. қийматга эга уйга ҳам эга.

66- ёшли Амонулло Ҳукумов 2014 йилда Тожикистон темир йўллари раҳбарлигидан кетган эди.

XS
SM
MD
LG