Ссылки доступа

Туркманистон ИИВ раҳбари сўнгги бор огоҳлантириш олди


Йўл қўйган камчиликларини зудлик билан тузатиш шарти билан Туркманистон ички ишлар вазири Искандер Муликовга сўнги бор қаттиқ ҳайфсан берилди.

Туркманистон Ахборот порталининг хабар беришича, бу борадаги фармойиш президент Гурбангули Бердимуҳаммедов томонидан 10 январь куни Давлат хавфсизлик Кенгаши мажлисида имзоланди.

ИИВ раҳбарига “хизмат вазифаларни бажара олмагани, кадрларни танлаш ва жойлаштиришда қўйган камчиликлари учун” қаттиқ ҳайфсан берилди, дея ёзди расмий агентлик Туркманистон президенти матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Озодлик” маълумотларига кўра, 43 ёшли Туркманистон ички ишлар вазири Искандер Муликов ўтган йили соғлиғини рўкач қилган ҳолда бир неча бор ўз хоҳишига биноан истеъфога чиқишга ҳаракат қилган. Манбаларнинг таъкидлашларича, ИИВ раҳбари камида бир марта истеъфога чиқишни сўраб президентга мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган.

Эслатиб ўтамиз, собиқ бош прокурор Аманмират Халлиев ўтган йилнинг май ойида президент Бердимуҳамедов томонидан ошкора ишдан бўшатилган эди. Ўшанда Муликов президентдан қатъий ҳайфсан олган эди. Ҳукуматдаги манбага таянган ҳолда “Озодлик” радиоси Халлиев ишдан бўшатилганидан сўнг, куч ишлатиш салоҳиятига эга идораларнинг ўнлаб собиқ ходимлари қаторида ҳибсга олинганини маълум қилган эди. Халлиевнинг кейинги тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Искандер Муликов 2009 йилдан бери Туркманистон Ички ишлар вазирлигини бошқариб келади.

XS
SM
MD
LG