Ссылки доступа

Тожикистонда аёл собиқ эрини хонадоннинг айвонида яшаш учун қўймади


Хўжанд шаҳрида яшовчи Муҳсинжон Турсунов уни ўз хонадонининг айвонида яшашга қўймаган собиқ хотини устидан прокуратурага шикоят қилди.

Ажрашганларига икки йил бўлгандан кейин суд Муҳсинжон Турсунов собиқ хотинига тегишли бўлган хонадонда яшаши зарурлиги тўғрисида қарор чиқарди. Амалдаги қонунларга кўра, ажрашишдан сўнг хотин(эр) собиқ эрининг (хотинининг) уйида бирор бурчакни эгаллашга ҳақли. Лекин Матлуба Қорабоева суд қарорини бажаришдан бўйин товлаган. Бу аёл уч нафар фарзанди билан майдони 27 кв. метр бўлган бир хонали хонадонда яшайди.

«Суд ижрочилари келиб, собиқ эримни балконга жойлаштирмоқчи бўлганларида, мен уларни уйга қўймадим. Менинг собиқ эрим прокуратурага шикоят қилди. Лекин мен ҳеч қачон бунга рози бўлмайман. Мен ҳеч қачон мен билан ажрашган эркак киши ёнида яшамайман», деди бу аёл 11 январь куни.

Унинг сўзларига қараганда, улар 16 йил бирга яшаганларидан кейин ажралиб кетишган. Шу йиллар давомида оиаладаги жанжаллар тинчимаган, дейди Матлуба Қорабоева.

Икки йил олдин Тожикистон Олий судининг раиси Шермуҳаммад Шоҳиён ажралишган эр-хотинни бир-бирининг уйига жойлаштиришга имкон берувчи қонунни қайта кўриб чиқишни таклиф қилган эди. Одатда, Шохиённинг сўзларига қараганда, собиқ эр-хотинлар ўртасида уй-жой масаласидаги низолар ажрашишдан кейин келиб чиқади ва кўпинча бунда аёллар жабрланади.

XS
SM
MD
LG