Ссылки доступа

Туркманистонда прокурорлар пахта режасини бажармаган фермерларни сўроқ қилмоқда


Дашоғуз прокуратураси пахта топшириш режасини бажармаган маҳаллий фермерларни сўроққа чақирмоқда. Бу хақда “Озодлик”ка Туркманистоннинг шимолий вилоятидаги ижарачилар маълум қилди.

Уларнинг сўзларига қараганда, фермерлар пахта режасини бажармаганлари учун жарима тўлашга мажбурланмоқда. Фермерларнинг айтишича, фермерларнинг “давлатга қарздорлик” иши бўйича тергов судга юборилмоқда, суд эса қарзни мажбуран ундириш борасида қарор чиқармоқда. Талаб қилинаётган маблағни тўлай олмайдиганларнинг мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилинмоқда.

“Озодлик” билан суҳбатлашган Дашоғузлик ижарачилар давлат ўз вақтида ўғит, техникалар билан таъминлай олмаганини, Шартнома бўйича ўз зиммасига олган ерларни шудгорламаганини,шу сабабли ҳам пахта ҳосили режаси бажарилмагани айтишмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, бу эътирозлар суд томонидан эътиборга олинмаяпти.

"Улар фермерларни ҳосил йиғиштириб олингандагина эслашади. Телевизорда улар бизларни ҳамма нарса билан таъминлашларини айтишади. Бироқ ҳеч нарса қилишмайди. Биз зарар кўрганимиздан ташқари, энди давлатгажарима ҳам тўлаймиз", – дея таъкидлади Дашоғуз вилояти Сапармурат Туркменбаши туманидаги фермер.

Кузда мамлакат расмийлари пахта режаси муваффақиятли бажарилгани, белгиланганидек 1 миллион 50 минг тонна ҳосил тўпланганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG