Ссылки доступа

Ўзбекистонда прописка тизими тўлик бекор қилинмайди

Ички ишлар вазирилигининг (ИИВ) фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бош бошқармаси ҳозирча Ўзбекистонда прописка тизими тўлиқ бекор қилинмаслигини маълум қилди. ИИВ расмийлари вилоятлар орасида "ривожланиш баланси" тенглашмагунча пропискадан воз кечиш имконсиз, дея изоҳ берган.

Брифингда журналистлар саволларига жавоб берган ИИВнинг фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бош бошқармаси раҳбари Улуғбек Тошхўжаев республикада пропискадан бутунлай воз кечиш учун "катта тайёргарлик ишлари амалга оширилиши зарур"лигини айтган.

Мулозимга кўра, барча вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ўзаро тенглашган тақдирдагина пропискани тўлиқ бекор қилиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ИИВ Бош бошқармаси раҳбари мамлакатда жорий этилиши кутилаётган хорижий паспорт ва ID-карта борасидаги саволларга ҳам жавоб берган. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон ҳукумати томонидан жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури лойиҳасида 2018 йилнинг 1 апрелидан доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш тартибини соддалаштириш, ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш назарда тутилган.

ИИВ мулозими Улуғбек Тошхўжаевга кўра, ҳозирда ишлаб турган тартиб аҳоли учун ноқулайлик туғдираётгани боис, уни енгиллатиш учун ҳозирлик бормоқда.

XS
SM
MD
LG