Ссылки доступа

Банкноталарда чайка акс этгани боис Қозоғистон Миллий банки кўчирмакашликда айбланди

Канадалик фотографнинг даъво қилишича, у томонидан олинган чайка сурати Қозоғистон банкнотасида фойдаланилган. Онтариода истиқомат қилувчи Кейт Тестер Қозоғистон Миллий банкидан жавоб кутмоқда.

Баҳсли банкнотда акс этган сурат учун муаллифлик ҳуқуқини талаб қилаётган хорижлик фотографлар ўз муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бирлашмоқда.

Бундан аввал швейцариялик фотограф Марсель Буркхард 500 тенге қийматга эга банкнотда ўзига тегишли чайка сурати акс этганини тан олган ва бунинг учун сертификат берилишини банкдан талаб қилган эди. Эндиликда унинг сафига канадалик ҳаваскор-фотограф Кейт Тестер ҳам қўшилмоқда. Унинг таъкидлашича, банкнотдаги бошқа бир чайка ўзига тегишли суратлардан олинган. Тестернинг сўзларига қараганда, «Қозоғистон банкнот дизайнида ўзига тегишли суратлардан фойдаланганини тан олиши керак».

Кейт Тестернинг сўзларига кўра, бу сурат 2010 йилнинг 8 июнь куни Канаданинг шаҳзода Эдуард оролидаги Сэндбэк вилояти паркида олинган. Сурат илк бор ўша йилнинг 24 июнь куни Deviantart сайтида эълон қилинган. Ўзи олган сурат банкнота фрагменти сифатида фойдаланганлигини Кейт яқинда билиб қолди.

– Бу Рождество кунлари юз берди. Deviantart сайтида ўз аккаунтимни очар эканман, иккита хабарга кўзим тушди. Биринчи хабарни очдим – сайт фойдаланувчиларидан бири мен олгансурат ўғирлангани ҳақида маълум қилган ва илова сифатида суратни юборган. Иловани очдим, у ерда можаро тафсилотлари баёнот қилинган эди, мен ўзим суратга олган расмни кўрмадим. Иккинчи хабарни очдим ва чайкалар суратини кўрдим, бу чайкалар сурати Марсел (Марсель Буркхарда. – муҳ.)га ва менга тегишли эди. У ерда менинг Deviantart сайтидаги аккаунтим илова қилинган эди. Мен ҳайрон қолдим. Бу хабарни менга юборган киши, яхшиси Марселга хат ёзишимни маслаҳат берди. Яъни шундан бери мен Марсель билан боғландим, – дейди Кейт Тестер.

Фотограф, адвакат ёллаш учун пули йўқлигини айтади. Унинг фикрича, Қозоғистон Миллий банки ўзига тегишли суратдан фойдаланганлигини тан олиши керак. Ҳозирча банк вакиллари Тестер билан боғланишмади.

Миллий банк эса “банкнотда акс этган қушнинг ҳолати ва парвози шу турдаги барча паррандаларга мос бўлиб, барча деталлар дизайнерлар томонидан қўлда чизилган, график таҳрир қилинмагани” борасида баёнот берди.

XS
SM
MD
LG