Ссылки доступа

Ўзбекистонда имомлар мажбурий обунага жалб қилинди


Ўзбекистондаги масжидларда намозга келганлардан мамлакатдаги даврий нашрларга обуна бўлиш сўралмоқда. Имомлардан бири обуна учун пул йиғиш топшириғи Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасидан берилганини айтди.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Эски қовунчи” масжидига намозга келганларга даврий нашрларга обуна бўлиш сўралмоқда. Бу ҳақда масжидга доим бориб турадиган янгийўллик Шарифжон сўзлаб берди: "Аҳли жамоат, обуна бўлинглар", деяпти имом. Ўтмаган, ҳеч ким ўқимайдиган газеталарга бизни 30 минг, 60 минг сўм тўлаттириб обуна қилдиряпти. Имомни айтишича, обуна бўлмасак масжидни ёпишар экан", - дейди суҳбатдош.

Шарифжон иддаосига кўра, масжидга келувчилар Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимовнинг янги чиққан “Тафсири Ирфон” ва “Муҳаммад пайғамбар васиятлари” китобини 50 минг сўм (6,5 доллар)дан сотиб олишга ҳам мажбурланмоқда:

"Муфтийнинг китоби чиққан экан. Масжидга борсангиз шу китобни олишга ва обунага пул беришга мажбур қиляпти-да. Шу китобни ўқимасам ҳам олдим...Одамлар имомларни айтганини қилишга одатланиб қолган-да. Энди шу тепадагилар ўтмай қолган газета ва китобларни сотишда имомларни ишга солаётган бўлиши мумкин. Лекин, имомлар қиладиган ишидан чалғиб почталён бўлиб қоляпти-да", - дейди Шарифжон.

“Эски қовунчи” масжиди имоми Баҳодир Мадумаров намозга келганларга муфтий китобларини сотиб олиш ва газета-журналларга обуна бўлишлари ҳақида гапирганини тасдиқлади. Лекин, имом ҳеч кимни бунга мажбурламаганини айтди.

Жойлардаги манбаларга кўра, мамлакатнинг бошқа масжидларда ҳам обуна авжида. Хоразмнинг Хива шаҳридаги масжидлардан бирининг имоми обуна бўйича Ўзбекистон Мусулмонлари диний идорасидан "қатъий топшириқ" олганини айтди.

"Бизга бир миллион 300 минг сўм (1600 доллар) атрофида обуна плани топширилган, шунинг учун масжидга келувчилардан пул йиғиляпти. Агар пул етмаса обуна режасини эҳсон пулларидан тўлдирамиз, - деди хивалик имом.

XS
SM
MD
LG