Ссылки доступа

Афғонистонлик қарийб 100 талаба ўқиш учун Термизга етиб келди

21 январь куни 100 нафарга яқин афғонистонлик ёшлар Термиз халқаро аэропортида кутиб олинди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий ОАВларга кўра, улар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида ташкил этилган Афғон фуқароларини ўқитиш марказида таҳсил олади.

Афғонистонлик ёшлар мазкур марказда икки йил давомида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида педагогик таҳсил олишади.

Марказда дастлабки босқичда ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналишида 97 нафар талаба, шу жумладан, 86 нафар ўғил бола ва 11 нафар қиз болани ўқитиш назарда тутилган. Афғонистон фуқаролари учун таълим харажатларининг ярмини жўнатувчи томон қоплайди, қолган қисми эса "Ўзбекистон темир йўллари" компанияси томонидан қопланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилнинг ноябрь ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича ўқув марказини ташкил этиш тўғрисида фармонни имзолаган.

Аввалроқ, Ўзбекистон ОАВлари афғон талабалари учун талабалар шаҳарчаси ташкил этилиши ҳақида хабар қилган. У ерда талабалар учун алохида турар жойлар, тиббий хизмат кўрсатиш пунктлари, ошхоналар, кир ювиш машиналари, чакана савдо дўконлари ва бошқалар мавжуд бўлиб, улар замонавий кўринишда жиҳозланган.

XS
SM
MD
LG