Ссылки доступа

Остона Назарбоев ташаббусини танқид қилган Минскка жавоб қайтарди


Қозоғистон Беларус ташқи ишлар вазирининг президент Нурсултон Назарбоев томонидан Украина бўйича музокароларни Минскдан Остонага кўчириш борасидаги таклифи устидан кулишига жавоб қайтарди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ержан Ашиқбаев 22 январь куни Остонада журналистлар билан учрашар экан, Қозоғистон “Минск майдони имкониятлари муҳимлигига шубҳа қилмайди” ва Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида Минск Келишувини ҳурмат қилишини билдирди.

2014 йилнинг апрелидан Украина шарқида ҳукумат кучлари ва Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган Луганск ва Донецк вилоятларини назорат остига олган айирмачилар ўртасида давом этаётган қуролли можаро туфайли10 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. 2014 ва 2015 йилларда Минскда бўлиб ўтган музокаралар давомида қабул қилинган ўт очишни тўхтатиш борасидаги Келишувлар қисман бажарилмаяпти.

«Биз бу [Минск] жараёнига аралашмаймиз, – деди Ашиқбаев. – Бироқ Қозоғистон муаммони ҳал қилишда ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёр». Унинг сўзларига қараганда, мабодо низоларда иштирок этаётган томонлар Қозоғистонга мурожаат қилгудек бўлишса, у ҳолда Остона бу мурожаатни “тегишли тартибда” кўриб чиқади.

19 январь куни Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей Қозоғистон раҳбарининг Украина бўйича аввал Минскда ўтказилган тинчлик музокараларини Остонада ўтказиш борасидаги таклифи устидан кулди ва бу таклифни танқид қилди ҳамда музокараларни бошқа жойга кўчириш ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини таъкидлади. У Беларусь бошқалардан фарқли равишда “ўзини тинчликпарвар сифатида кўрсатишга интилмаслиги” борасида баёнот берди.

Минск ва Москва баёнотлари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев томонидан Украина бўйича тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолгани ва музокаралар учун янги майдон сифатида ўз мамлакатини таклиф қилганидан сўнг пайдо бўлди. Назарбоев ўзининг АҚШга ташрифи мобайнида Украина мавзуси АҚШ президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинганини айтди ва Трамп музокараларни бошқа нуқтага кўчиришни таклиф қилганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG