Шифокорлар чақалоқнинг аҳволи оғирлигича қолаётгани, лекин унинг ҳаёти учун курашаётганликларини айтишди. "Бола тирик, лекин кома-1 ҳолатида. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони кам", - деди марказ шифокорларидан бири.
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида ўтган ҳафта 11 ойлик чақалоқ танасидан 16 дона пўлат игна топилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган эди. Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган бола жарроҳлик столига ётқизилди, игналардан 13 таси олиб ташланди. Қолган 3 дона игнани келгуси жарроҳлик амалиётида чиқариб олиш режалаштирилган.
Марказ шифокорининг айтишича, пўлат игналар бола танасида 2 ой муқаддам пайдо бўлганлиги аниқланган. Улар боланинг йўғон ичак қисмида, сийдик қопи, кўкрак қафасида, боланинг бўйин қисмида, умуртқа поғонасида, юрак остида топилган.
Игналар боланинг танасига қандай киргани маълум эмас. Шифокорлар 11 ойли чақалоқ ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юборолмаслиги, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай йиртиқ аломати топилмаганини айтишмоқда. "Игналар тана ташқарисидан, онгли равишда терига тиқилган бўлиши мумкин, лекин бу тергов давомида аниқланса керак", - деди марказ шифокори.
Танасидан игна топилган боланинг отаси яқиндагина Россиядан қайтиб келганини айтга ва игна ўғлининг танасига қандай кириб қолгани ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Боланинг онаси терговда экани боис бу билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Аниқлашича, 22 декабрда боланинг иситмаси чиқиб, аҳволи оғирлашгач, онаси уни табиб қариндошиникига олиб борган.