Прокуратура маълумотларига қараганда, "тергов давомида ёнғин ҳайдовчилар томонидан автотранспорт воситаси бошқарувида эксплуатация қоидалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилгани оқибатида келиб чиққани маълум бўлди, автобус салонида кавшар лампа қўлланилган". 24 январь куни ҳалокатдан омон қолган уч нафар ҳайдовчи қўлга олинди ва Вақтинчалик Сақлаш изоляторига юборилди. Улар Қозоғистон Жиноят Кодексининг 345 моддаси 4 қисми (йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят содир этганликда гумон қилинмоқда.
Хабарларга қараганда, бу иш бўйича назорат 1-Хизмат процессуал прокурорлари, Ақтўбе ва Жанубий Қозоғистон вилоятлари прокуратураларидан иборат гуруҳга топширилди. Бундан ташқари иш Бош прокуратура ва ИИВ томонидан диққат билан назорат қилинмоқда.
Россияга йўл олган ўзбекистонлик муҳожирлар бўлган автобус 18 январь куни Ақтўбе вилоятининг Иргиз туманидаги Қалабай қишлоғида ёниб кетди. Ёнғин оқибатида 52 киши ҳалок бўлди, беш киши қутилиб қолди. ИИВнинг фаразига кўра, ёнғинга одамлар исиниб олишлари учун автобус салонида кавшар лампасидан фойдаланиш сабаб бўлган.