Ссылки доступа

Тожикистонда “ноҳалол” гўшт махсулотларини олиб кириш тақиқланди


Тожикистон “ноҳалол” гўшт маҳсулотларини мамлакатга олиб киришни тақиқлади. Давлат ветеринария назорат хизматининг бу қарори мамлакатга гўшт маҳсулотларини олиб келувчиларнинг ҳаммасига етказилди.

Маълумки, “Ҳалол маҳсулотлар” мусулмонларнинг қоида ва анъаналарига мос равишда тайёрланади, унинг таркибига мусулмонлар истеъмол қилиши мумкин бўлмаган компонентлар қўшилмайди.

Давлат ветеринария назорат хизмати бошлиғининг ўринбосари Тожибек Норов 27 январь куни баёнот бериб, эндиликда хориждаги етказиб берувчилар Тожикистон ҳукумати томонидан берилган аккредитация билангина мамлакатга маҳсулотлар олиб кириши мумкинлигини айтди.

«Бу каби рухсатнома берилишидан аввал бизнинг мутахассислар хорижий корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларини ўз кўзлари билан кўришлари керак бўлади. Бундан ташқари маҳсулотда “Ҳалол” маркировкаси бўлиши керак. Мана шундай талаблар билангина ишлаб чиқарувчи Тожикистонга ўз маҳсулотларини олиб киришига рухсат олиши мумкин», - деди Норов.

Тожикистон расмийлари гўшт маҳсулотларини мамлакатга олиб кирилишидаги талаблар кескинлашгани борасида хорижлик етказиб берувчиларни огоҳлантирди. Россельхознадзор сайтида эълон қилинган хабарда таъкидланишича, эндиликда Тожикистонга ўз маҳсулотларини экспорт қилмоқчи бўлган корхоналар, албатта мазкур мамлакат Қишлоқ хўжалик вазирлиги Давлат ветеринария назорат хизмати мутахассислари билан маслаҳатлашиб олишлари керак бўлади. Инспекция вақтида маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлиги текширилади. Инспекция муваффақиятли ўтгудек бўлса, у ҳолда Тожикистон тегишли идоралари етказиб берувчиларга беш йилик муддатга аккредитация беради.

Тожикистон бозорига гўшт маҳсулотлари асосан Ҳиндистон ва Россиядан, шунингдек маълум бир қисми Туркия ва Қозоғистондан олиб келинади.

Тожикистон 2013 йилда “Ҳалол” стандартини киритди. Унга кўра, “Тожикстандарт” текширувидан ўтказилган маҳсултларгина мамлакатга олиб кирилади.

XS
SM
MD
LG