Ссылки доступа

Қозоғистонда ёниб кетган автобуснинг тирик қолган ҳайдовчилари икки ойга қамоққа олинди


Ақтўбедаги 2-сонли судининг судьяси Алим Адилов 26 январь куни Ўзбекистоннинг 52 нафар фуқаросининг ўлимида гумонланаётган ҳайдовчилар Нуржан Қирғизбаев, Мақсат Пернебеков ва Барат Танатовни икки ой муддатга қамоқда ушлаб туриш ҳақида қарор қабул қилди.

Гумондорларга жиноят кодексининг “Йўл ҳаракат қоидасини бузиш ёки эҳтиётсизлик туфайли ўлимга олиб келган транспорт воситасидан фойдаланиш» моддаси бўйича айб қўйилди.

Давлат айбловчиси Осман Оринбасарнинг айтишича, гумондорлар автобус салонини иситишда кавшар лампасидан фойдаланган, шу тариқа ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган.

Ёниб кетган автобус ҳайдовчиси, Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи 50- ёшли Нуржан Қирғизбоев ўзга қўйилаётган айбларни инкор қилмади. Вояга етмаган уч нафар боланинг отаси Мақсат Пернебеков ёнғин юз беришидан аввал ухлаб қолганини айтиб, қўйилаётган айбларни тан олмади. Барат Танатов эса ҳайдовчи эмаслигини йўловчи сифатида автобусда кетаётганини маълум қилди. Етти боланинг отаси бўлмиш Танатов суддан ўзини озодликдан маҳрум қилмасликларини сўраган.

Судья гумондорлар ўрта даражадаги ҳуқуқ бузилишлар бўйича айбланаётганларини инобатга олиб уларнинг уччаласи 24 мартга қадар ҳибсда бўлиши ҳақида қарор қабул қилди.

Россияга йўл олган ўзбекистонлик муҳожирлар бўлган автобус 18 январь куни Ақтўбе вилоятининг Иргиз туманидаги Қалабай қишлоғида ёниб кетди. Ёнғин оқибатида 52 киши ҳалок бўлди, беш киши қутилиб қолди. ИИВнинг фаразига кўра, ёнғинга одамлар исиниб олишлари учун автобус салонида кавшар лампасидан фойдаланиш сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG