Мўғилистоннинг Баян-Улгий ҳудудида 100 минга яқин этник қозоқлар оиласи истиқомат қилади. Франциядаги қозоқ диаспораси вакиллари Мўғилистонда январь ўрталаридаги аёздан хабар топгач уларга кўмир ва бошқа зарур маҳсулотлар харид қилиш учун пул тўплашга қарор қилишди.
– 40 тоннага яқин кўмир олдик. Бундан ташқари ўтин, кийим-бош, ўқувчилар учун канцелярия маҳсулотларини сотиб олдик. Кўмирсиз қолган оилаларга ёнилғи машиналарда етказиб берилди. Кимда ким кўмир олмаса улар ўтин, кийим-бош олди. Бу ерда камбағал оилалар жуда кўп, – дейди Баян-Улгий округида истиқомат қилувчи Дакей Бикиули.
Мўғилистонда истиқомат қилувчи этник қозоқлар оилаларига Францияда яшовчи қозоқлар тўплаган пулга сотиб олинган кўмир етказиб берилди.
Унинг сўзларига қараганда, бу йил қиш жуда ҳам қаттиқ бўлди ва кўмирга пул топа олмаган кўплаб оилалар оғир аҳволга тушиб қолди. Бундай вазиятда Францияда истиқомат қилувчи қозоқлар ёрдамга келди.
Дакей Бикиулининг айтишича, Франциядаги қозоқлар диаспораси Мўғилистондаги қозоқлар билан мустаҳкам алоқа қилиб келади. Сўнгги икки йилдан бери улар биргаликда Қурбон Ҳайитини нишонлашмоқда.
Франциядаги қозоқлар жамияти маълумотига кўра, айни дамда бу мамлакатда 250 га яқин қозоқ оиласи истиқомат қилади. Улардан 175 нафари жамият аъзоси ҳисобланишади. Париждан узоқроқда истиқомат қилувчи этник қозоқлар жамиятга аъзо бўлишмаган.
Бу йил Мўғилистонда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам январь ойида кучли аёз қайд қилинди. Аёзли кунларда айрим шаҳарлардаги мактабларда дарслар бекор қилинди, газ ва кўмир етишмовчилиги кузатилмоқда.