Ссылки доступа

Фоҳишахона мижозларини ҳайдаган аёл калтаклаб ўлдирилди


Суратда: фоҳишахона мижозлари томонидан калтакланган 52 ёшли Турғуной Олтинова
Суратда: фоҳишахона мижозлари томонидан калтакланган 52 ёшли Турғуной Олтинова

Наманганда фоҳишахонага келганларни ҳайдагани учун калтакланган аёл бир ҳафта ўтиб касалхонада жон берди. 23 январь куни 52 ёшли Турғуной Олтинова ушбу уйда қонунга зид равишда ташкил этилган фоҳишахонага келган мижозларни ҳайдаб, милицияга шикоят қилмоқчи бўлган пайти калтакланган.

Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари ушбу воқеани тасдиқлаб, аёлни калтаклаган шахслар қўлга олинганини билдирди.

Марҳуманинг қўшниларидан бири Олтиновани фоҳишахонага айлантирилган квартирага келган мижозлар калтаклаганини кўрганини айтди.

"Домимизда фоҳишахона бор. 23 январь куни кечки 10.45ларда ўшаларни олдига келганлар Турғуной опани калтаклаб кетишди. Мени ўзим кўрдим. Турғуной опа ҳаммаларингни милицияга бервораман, деб бақирганини эшитдик-да, ташқарига чиқдик. Чиқишимиз билан қочиб кетишди. Биттасининг юзида маскаси бор эди. Турғуной опа ерда қонга беланиб ётганди. Наманган шаҳар шифохонасига олиб бордик. Бир ҳафта ўтиб, мана бугун (30 январь. таҳр.) касалхонада жон бердилар", - дейди исми сир қолиши шарти билан гапирган марҳуманинг қўшниларидан бири.

Айни пайтда марҳуманинг қўшнилари шу пайтгача милиция фоҳишаларга қарши чора кўрмаганини айтиб, бунга норозилик билдиришди.

"Бу домда ёш болали оилалар бор. Шунга қарамай домни фоҳишахонага айлантириб қўйишган. Ярим яланғоч кийинган қизлар, уларни кетидан шубҳали эркаклар кириб кетади. Ҳар куни шундай. Турғуной опа ҳар доим бу ерда ёш болалилар бор, деб улар билан урушар эди. Охири уни тинчитишди. Нега милиция жим? Мана шу бизни ҳайрон қолдиради", - дейди марҳуманинг яна бир қўшниси.

XS
SM
MD
LG