Ссылки доступа

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан тергов ишлари ниҳоясига етди


Ўзбекистон ҳукуматидаги жорий ва собиқ амалдорлардан икки нафарининг маълум қилишича, мамлакат собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров ва унинг иши доирасида ҳибсга олинган жами 24 киши устидан тергов жараёни жорий ой бошларида якунига етган.

Айни пайтда, айбланувчилардан бирининг адвокатига кўра, "Қодиров иши" доирасида айбланаётганлар адвокатлари айблов хулосаси билан танишиб чиқмоқда. Айблов хулосаси билан танишиб чиқиш учун 25 декабрга қадар муҳлат берилган.

Ўзбекистон бош прокуратурасини 15 йил давомида бошқарган ва 2015 йил апрелида ишдан олинган 66 яшар Рашитжон Қодиров жорий йилнинг 22 февралида Тошкентда товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Бош прокуратурага кўра, “Қодиров иши” иши доирасида асосан собиқ прокуратура мулозимларидан иборат жами 24 киши қамоққа олинган.

Тошкент вилоятидаги пойтахтдан 20 километр радиусдаги суд бинолари суратга олинмоқда. Мақсад бош прокурор ва собиқ прокуратура амалдорларини суд қилиш учун лойиқ бинони топишдир.

Бу ҳақда Рашитжон Қодиров ва унга алоқадор собиқ амалдорлар устидан олиб борилаётган жиноят ишларидан хабардор Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозим маълум қилди.

Тергов ишидан хабардор ҳукумат мулозимининг исми сир тутиш шарти билан айтишича, собиқ бош прокурор ҳибсга олинган даврдан буён ўтган салкам 10 ой давомида тергов гуруҳи раҳбари бир неча марта алмашган.

У терговчиларнинг давомли ўзгартирилганини "тергов ишлари ўта заиф" ўтказилгани билан изоҳлади.

Адвокатлардан бири "Қодиров иши" доирасида айбланаётганлардан баъзиларининг ишлари алоҳида кўриб чиқилиши мумкинлигини маълум қилди.

Тергов гуруҳининг бундай қарорни олишига, адвокатнинг таъкидлашича, баъзи гумондор шахсларнинг қидирувда экани ва "кўплаб илгари сурилган айбловларни исботлаш қийинлиги" сабаб бўлган.

Рашитжон Қодиров, Бош прокуратура расмий хабарига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG