Ссылки доступа

Вазир Қозоғистонда АЭС қурилиши ҳақида: Қарор халқ фикри ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади


Қозоғистон энергетика вазири Қанат Бозумбаев республикада атом электростанциси қурилиши борасидаги саволга жавоб берди, дея хабар қилади маҳаллий ОАВ.

«Аҳоли фикрини инобатга олиш нима дегани? Бу ижтимоий сўров, ёки референдум. Шу сабабли хавотирга тушманг, агар АЭС қуриладиган бўлса, сиз аниқ биласиз ва эшитасиз. Аҳоли ўз фикрини билдириши керак. Агар аҳоли «йўқ» деса, у ҳолда ҳеч ким ҳеч нарса қурмайди. Фақат халқ фикри инобатга олинади. Бугунги кунда ҳукумат даражасида атом станцияси қурилиши борасида бирор бир қарор йўқ», - деди вазир.

Қозоғистонда Россия технологияси асосида АЭС қурилиши эҳтимоли борасида ҚР президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Кремлда 3 апрел куни учрашган Россия президенти Владимир Путин маълум қилган эди. Эртаси куни Қозоғистон энергетика вазирининг ўринбосари Магзум Мирзагалиев баёнот бериб, мамлакатда АЭС қурилиши борасида қарор қабул қилинмаганини айтган эди. Бироқ Қозоғистон ҳукумати Россия иштирокида АЭС қуриш учун Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Курчатов шаҳри ва Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғини асосий майдонча сифатида кўрмоқда.

Май ойида эркин сайловларга бағишланган бўлиб ўтган митинг иштиркчилари “Биз АЭС қурилишига қаршимиз!” деган шиорларни ҳам кўтариб чиқишди. АЭС қурилишига қарши чиққан фаол Болатбек Блялов кейинроқ Нур-Султон суди томонидан 15 кунга ҳибсга олинди.

XS
SM
MD
LG