Мигрантлар хуқуқини ҳимоя қилувчи Иззат Амоннинг 23 июн куни айтишича, 50 тожикистонлик фуқаро заҳарланди, улар “тез ёрдам” машиналарида шифохонага олиб борилган. «Икки киши реанимацияда, яна олти кишининг аҳволи оғир экани айтилмоқда», - дея қўшимча қилади Иззат Амон.
ТР Меҳнат вазирлигининг РФдаги ваколатхонаси матбуот котиби Иброҳим Аҳмаднинг айтишича, шифхоналарда 12 нафар тожик мигранти бор, қолганлари эса биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан кейин шифохонадан чиқарилган. Унинг сўзларига қараганда, Меҳнат вазирлиги ва элчихона вакиллари шифохонага боришган ва ҳодиса юзасидан олиб борилаётган суриштирув ишларини ўз назоратларига олган. «Дастабки маълумотларга қараганда, мигрантлар корхона ошхонасида тайёрланган овқатдан заҳарланишган», -дейди Иброҳим Аҳмад.
Ҳодиса гувоҳларининг 23 июн куни айтишларича, шанба куни мигрантларнинг ҳаммаси бирданига ўзларини ёмон ҳис қилишган. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, Одинцоводаги эшик ва дераза ишлаб чиқарувчи цехда 200 дан ортиқ тожик мигранти, шунингдек Ўзбекистондан келган ўнлаб фуқоролар ишлайди. Радио Озоди (“Озодлик” радиоси тожик хизмати) ихтиёрига бир нечта видеолавҳа тушиб қолди, уларда заҳарланганмигрантларнинг шифохонага тушиб қолгани акс этган.
Россия ҳуқуқ тартибот ва соғлиқни сақлаш хизмати идоралари ҳозича юз берган ҳодиса юзасидан изоҳ бермади. Шунингдек, мигрантларнинг нимадан заҳарлангани, биринчи тиббиёт ёрдами кўрсатилганидан кейин қанча одамнинг уйга кетгани, қанчаси шифохонада қолгани ҳам аниқ эмас. Эшик ва дераза ишлаб чиқарувчи корхона раҳбарияти журналистлар билан суҳбатлашишни истамади. Айрим маълумотларга қараганда, корхона вакиллари “тез ёрдам” ходимларига мигрантлар гўёки қовундан заҳарланагини айтишган.
Аммо тожик мигрантлари қовун сотиб олишга ортиқча пуллари йўқлигини айтишмоқда. «Йигитлар корхона ошхонасида овқатланганидан сўнг ўзларини ёмон ҳис қилишган. Бу ошхонада яхши овқат тайёрлашмайди, аммо биз овқат ейишга мажбурмиз», - дейди мигрантлардан бири. Унинг айтишича, ҳар ойда 20 минг рубл олишади, шундан 4 мингини корхона ошхонасида овқатланганликлари учун тўлашади. Мигрантлар корхонанинг ўзида ухлайдилар.
«Бизга корхона ичкарисида таом тайёрлашимизга рухсат беришмайди. Уларнинг ошхонасида овқат ейишга мажбурмиз, ё бўлмасам ухлаш учун бошқа бино топишга тўғри келади. Бу ерда ижара жуда қиммат, шу сабабли иш берувчининг ҳамма талабларига рози бўлишга мажбурмиз», - дейди суҳбатдош.