Ссылки доступа

"Адабиëт газетаси" Каримов даврини қоралаганликда айбланди


"Мавжуд тузумни қораламанг", "Ислом Каримовни танқид қилманг", "Муҳаммад Солиҳ номини тилга олманг". Бундай буйруқлар "Адабиëт газетаси"нинг май ойидаги сонини ўрганиб чиққан Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тақдимномасида акс этган.

Газета бош муҳаррири Бахтиëр Каримовга юборилган тақдимномада Агентлик "Ислом Каримовнинг номини қоралашга уриниш" ва мухолифатчи шоир "Муҳаммад Солиҳга бўлган эҳтиром очиқ билдирилганлиги" қонун бузилиши, дея малакаланади.

Айбловга нишон бўлган газета муҳаррири Бахтиëр Карим мазкур ҳужжатни "1937 йил услубидаги цензура", дея қоралади.

Агентликнинг икки мулозими ўз идорасининг цензура билан шуғулланмаслигига ишонтиришга уринди. Ҳужжат охирида "Қонунбузарликка йўл қўйган маъсул ходимларга нисбатан интизомий чора қўллаш" талаб қилинади.

Газета бош муҳаррири Бахтиëр Карим "битта ўзи ишлаши"ни айтади. "Демак, ўзимга ўзим чора кўрар эканман?", дейди бош муҳаррир.

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг 31 май куни 05-66 рақам билан "Адабиëт газетаси"га юборган олти варақлик тақдимномани агентлик директорининг биринчи ўринбосари Аваз Ходжиметов имзолаган.

Ҳужжатда таъкидланишича, "Адабиëт газетаси" ўз саҳифасида Ислом Каримов даврини салбий талқин қилгани Ўзбекистон қонунларининг бузилишидир. Айни ҳужжатда шоир Ҳамроқул Асқар шеъридаги "Эркакларнинг ярми мардикор. Қолганлари бир-бир қамоқда" деган жумласи "ижтимоий онгни бузадиган сатр", дея қораланади. Шунингдек, собиқ давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг "Адоқсиз ўйлар" мақоласидаги "яккаҳокимлик балоси" деган сатр, агентлик хулосасига кўра, "Каримов раҳбарлик қилган даврни қоралашга хизмат қилади".

Тақдимномада "ўзи хорижда туриб Ўзбекистон республикаси сиëсатига қарши кескин фикрлар билдириб келаëтган Муҳаммад Солиҳ номининг нашрда тилга олиниши қонун бузилиши" сифатида талқин қилинган. Ҳужжатда ëзувчилар Набижон Боқий, Нуруллоҳ Муҳаммадхон Рауфхон "ўз мақоласида Муҳаммад Солиҳ" номини тилга олганликда айбланган.

Озодлик билан суҳбатда Нуруллоҳ Муҳаммадхон Рауфхон бу ҳолатни "ғирт беъманилик", деб атади:

- 1937 йилдаги қатағонлар иси келадиган ҳужжат бўлибди. Агентлик раҳбари Комилжон Алламжонов "сўз эркинлигини ҳимоя қиламан", деб турганда унинг ўринбосари сўз эркинлигини чеклайдиган ҳужжатга қўл қўйиб ўтирибди. "Муҳаммад Солиҳнинг исми газетада ëзилмасин" деган чеклов йўқ. Умуман, бу ҳужжатни имзолаган мулозим президент сиëсатига қарши чиқмоқда, - дейди таниқли адиб.

Номи тилга олинишига тўсиқ қўйилган сиëсатчи ва шоир Муҳаммад Солиҳ бундай ҳужжат Каримов даврида ҳам бўлмаганини айтди.

XS
SM
MD
LG