Ссылки доступа

Тожикистонда ўсмирлар томонидан ёқиб юборилган қизча реанимацияда қолмоқда

Одамларни даҳшатга солган бу ходиса 19 июнь куни куппа-кундузи пойтахтдаги Сино тумани ҳудудида юз берди. Уч ўсмир қизчани ёқиб юборди.

Мамлакат ИИВнинг баёнот беришича, жиноятни содир этишда гумон қилинган вояга етмаган уч бола ушланди, бироқ қизчанинг ота-онасининг сўзларига қараганда, болалар ҳамон озодликда юришибди.

Шифокорларнинг айтишича, олти ёшли Осия Зулфонованинг бадани 65% куйган ва жонлантириш бўлимида ётибди.

№3 шаҳар куйиш шифохонаси бош шифокори Тоҳир Зубайдовнинг 22 июн куни Радио Озоди билан сухбатда айтишича, қизча тана қисмининг 45%ида чуқур куйиш олган. «Жабрдийданинг аҳволи ниҳоятда оғир, шифокорлар уни қутқариш учун қўлдан келган ишни қилишмоқда», - дейди у.

Шифокорнинг сўзларига қараганда, куйишнинг катта қисми қизнинг орқасига, чап қўлига ва оёғига тўғри келади, шу сабабли даволаш ва реабилитация узоқ муддатни олади.

Мазкур факт Душанбе шаҳар прокуратураси томонидан тергов қилинмоқда, бугунги кунга қадар жиноят сабаблари ошкор қилинмади.

ИИВ маълумотига қараганда, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон юз берган ҳодисадан ўз ташвишини билдирган. Хабарларга қараганда, президент соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирига жабрдийда қизни даволашни ўз назоратига олишни топширди.

Жума куни «Фараж» нашрининг хабар қилишича, Душанбе шаҳридан 5 километр ғарбдаги Рудакий тумани Чоряккарон жамоатида уч нафар ўсмир ўз уйи олдида дугоналари билан ўйнаётган олти ёшли қизни тўсиқ сеткасига боғлаб қўйишган ва ёқиб юборишган.

Қизнинг отаси Шерзод Зулфоновнинг айтишича, шавфқатсиз жиноятини қўшни қишлоқдан келган, кун бўйи қишлоқма қишлоқ сандирақлаб юрадиган болалар содир этишган, дея хабар беради "Фараж” нашри.

Бошқа томоннинг фикрини мазкур хаблар тарқатилаётган вақтда олишнинг имкони бўлмади. Ҳуқуқ тартибот идораларининг ходимлари ҳам тергов давом этаётгани боис изох беришмади. Мазкур даҳшатли ҳодиса ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG