Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдирди. Туркистон вилояти администрациясининг маълуотига қараганда, портлаш натижасида 31 киши жароҳат олди.
Мудофаа вазирининг хабар қилишича, портлашлар давом этмоқда, хавфсизликка таҳдид сақланиб турибди. Ермекбаевнинг сўзларига қараганда, ҳарбий омбордаги портлашлар яна бир неча кун давом этиши мумкин. «Бу ерда бирор бир радиоактив ўқ дори, радиоактив снарядлар сақланмаган. Бирор бир радиация хавфи йўқ», -деди Ермекбаев.
Бўлиб ўтган брифингда фавқулотда вазиятлар қўмитасининг вакиллари аҳолига мурожаат қилиб, уйларига қайтишга шошилмасликларини сўради. ФВҚ маълумотига кўра, портлашлар туфайли ўт ўчириш бўлинмалари ёнғинни ўчириш ва бартараф этишга кириша олмаяпти. ФВҚнинг Чимкент Департаменти туну кун ишловчи «тўғридан тўғри линия» очди. Мазкур линиянинг телефон рақами: + 7 (7252) 44-94-72.
Қозоғистон президенти Қасым-Жомарт Тоқаев Туркистон вилоятига келди. Бу ҳақда Facebook' орқали давлат раҳбарининг матбуот котиби Берик Уали маълум қилди.
Бундан аввалроқ Тоқаев мудоффа вазири, ички ишлар вазири ва Туркистон вилояти хокимига “портлашлар оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, шунингдек аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва портлашлар сабабини аниқлаш бўйича зарур чораларни кўриш”ни топширган эди.
Туркистон вилоят расмийлари минтақада фавқулотда ҳолат режимини жорий қилди ва шаҳарнинг барча аҳолисини эвакуация қилиш зарурияти ҳақида маълум қилди. Расмийларнинг баёнотига қараганда, Чимкент шаҳрида 15 та эвакуация пункти очилган. Туркистон вилояти ҳокими Умирзақ Шукеевнинг сўзларига қараганда, Арис аҳолисининг катта қисми эвакуация қилинган. Умумий ҳисобда Арисда 45 мингга яқин киши истиқомат қилади.
Арис яқинидаги ҳарбий ўқ-дори омборидаги портлаш юзасидан ИИВнинг ҳарбий-тергов бошқармаси жиноий иш қўзғади.