Ссылки доступа

Ғафур Раҳимов можароси ортидан Халқаро олимпия қўмитаси AIBAни 2020 йилги Токио олимпиадасидан четлатди


Халқаро олимпия қўмитасининг 26 июнь куни Лозаннада бўлиб ўтган 134-сессияси қарори билан Халқаро бокс уюшмаси (AIBA) 2020 йилги Токио ўйинларидан четлатилди. Қўмита Токио мусобақаларида қатнашадиган ўйинчиларни саралаш жараëнини ўзи ўтказажагини билдирди.

Бундай қарорга¸ АҚШ томонидан "уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" сифатида санкцияга учраган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимовнинг Олимпия қўмитаси кескин қаршилигига қарамай¸ AIBA президентлигига сайлангани асос бўлган.

Қўмита ўз қарорида¸ Раҳимовнинг Халқаро бокс уюшмаси раҳбарлигига сайлангани унга ниҳоятда жиддий зарар етказганини таъкидлаган.

AIBA "Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва унинг АҚШдаги акционерлари обрўсига путур етказувчи жуда жиддий ҳуқуқий ва молиявий муаммолар яратди"¸ деди чоршанба кунги йиғилишда қўмита таъсис қилган махсус текширув гуруҳи раҳбари Nenad Lalovic.

2019 йилнинг май ойида ХОҚнинг Молиявий бошқарув, ҳакамлик ва этика масалалари бўйича қўмитаси Халқаро бокс уюшмасига ўз эътирозларини расман билдирган ва уни Олимпия қўмитаси талабларини бажармаганликда айблаган эди.

Уюшма 2020 йилги Япония мусобақаларидан четлаштирилган бўлса-да¸ Халқаро олимпия қўмитаси бокснинг мусобақалар дастурида қолдирганини маълум қилди.

Халқаро бокс уюшмаси Токио олимпиадасидан четлатилгани ортидан иш ўринларининг кескин қисқартирилишини хабар қилди.

2018 йил ноябрь ойида AIBA президентлигига сайланган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов 22 март куни бу лавозимдан истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.

Раҳимовнинг АҚШ Молия вазирлиги томонидан уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши санкциялари рўйхатида қолаëтгани унинг номзодига жиддий эътироз уйғотмай қолмаган эди.

"Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда"¸ деб ëзилган АҚШ Молия вазирлиги ўз расмий сайтида 2013 йил 30 октябрида эълон қилган ҳужжат матнида.

XS
SM
MD
LG