Ссылки доступа

Дональд Трамп ва Ким Чен Ин иккита Корея чегарасида учрашди

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Шимолий ва Жанубий Корея чегарасида учрашди.

Етакчилар иккита Корея давлатлари ўртасидаги демилитаризация зонасида бир-бирларининг қўлларини сиқиб кўришдилар. Трамп Шимолий Корея ҳудудига қадам қўйган АҚШнинг амалдаги биринчи президенти бўлди – у Ким билан рамзий тарзда чегарадан ўтди. Буни Трамп "катта шараф" дея атади.

Трамп учрашувни “бутун дунё учун буюк кун” дея атади ва ўзи ва Шимолий Корея етакчиси ўртасида “катта дўстлик иплари боғланганини” таъкидлади. У Ким Чен Инни Вашингтонга таклиф қилди. Ўз навбатида КХДР етакчиси, агар Трамп Пхеньянга ташриф буюргудек бўлса хурсанд бўлишини айтди.

Чегарада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг икки мамлакат етакчилари Жанубий Корея томонида музокаралар олиб борди. Маълум вақтдан сўнг суҳбатга Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин қўшилди.

Учрашув бир соатга яқин давом этди. Учрашув якунида АҚШ президенти томонлар шу йилнинг бошларида Вьетнамда самарасиз якунланган саммитдан кейин тўхтаб қолган ядро муаммосига бағишланган музокароларни қайта тиклашга келишиб олганликларини маълум қилди.

Бу Трамп ва Ким ўртасидаги учинчи учрашувдир. Америка томони музокаралар Корея ярим оролини ядросиз ҳудуд қилиш мақсадидаги музокараларни боши берк кўчадан олиб чиқишга ёрдам беришига умид қилади.

XS
SM
MD
LG