Ссылки доступа

Қийноққа тутилганини иддао қилган маҳкум ўз баданини тилиб ташлади (видео)


Sherzod Usmonov
Sherzod Usmonov

Безорилик айби билан жазо ўтаëтган Шерзод Усмонов Тошкент вилояти Бўка туманидаги 43-сон манзил-колония тартибот хизмати ходимларини уни қийноққа солганликда айблади.

22 яшар Шерзод Усмонов ўз дўстига видео хабар йўллаб, колония ходимлари босимларига исëн қилиб¸ ўз баданини тилиб ташлаганини иддао қилади.

Видеода баданидаги яраларни кўрсатган Усмонов жазони ижро этиш ходимларининг шафқатсизлигидан шикоят қилади.

Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси (ЖИЭББ​) мутасаддиси ҳолат юзасидан текширув бошлатилганини билдирди.

Мазкур видеода белидан юқориси яланғоч маҳкум йигит, ўз таъбирида, "тазйиқ" ва "қийноқ"лар натижасида ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганини айтади.

Маҳкумнинг ўртоғи дўстининг билагидаги қон томирини кесиб ташлаганини маълум қилди.

- Ким биландир урушиб қолувди Шерзод. Суд уни безориликда айблаб, 277-модда билан ичкарига обкириб қўювди. Жума куни колонкадаги нозирлар уни роса уриб, жонидан тўйдиришган. Шундан кейин Шерзод пичоқ билан ўз баданини тилиб-тилиб ташлади. Билагидаги вена қон томирини кесди¸ - дейди ўз хаëтига ҳам тазйиқ бўлишидан қўрқиб исми ошкор қилинишини истамаган маҳкумнинг дўсти.

ЖИЭББга қарашли Тошкент вилояти Бўка туманидаги 43-сон Жазони ижро этиш муассасаси вакилининг билдиришича¸ “маҳкумни уриб ярадор қилганлик борасидаги бу иддао тасдиғини топса, тартибот назоратчилари ЖИЭББ тизимидан четлаштирилади":

Тошкентлик ҳуқуқшунос Одилбек Раҳимбердиевга кўра, аристонлар жаргонида "концерт" деб аталадиган бу воқеа "аслида маҳкумнинг зўравонликка қарши исëнидир".

- Маҳкумлар одатда зулмга сабрли бўлади. Уларни ўз баданига пичоқ тиқиб, видеомурожаат қилишгача обориши учун дубаклар (Қамоқхона нозирлари - изоҳ) зулми чандон ҳаддан ошиши керак. Бу маҳкумни қийнаганларни Жиноят кодексининг 103-моддасида ("Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш") айблаб, терговга тортиш мумикин. Маҳкумни қўрқитиб, унга раҳмсиз муомала қилиб¸ муттасил камситиш натижасида ўзини ўзи ўлдириш даражасига олиб бориш ҳолати Ўзбекистон зоналарида кенг тарқалган, - дейди ҳуқуқшунос.

XS
SM
MD
LG