Ссылки доступа

Кўплаб туркманистонликлар ватанга қайтишни истамаяпти


Кўплаб туркманистонликлар ватанларига қайтишни исташмаяпти, уларнинг кўпчилигини хорижий олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар, шунингдек пул топиш мақсадида мамлакат ташқарисида меҳнат қилаётганлар ташкил қилади.

Азатлық (“Озодлик” радиосининг туркман хизмати) мухбирларининг хабар қилишича, айни дамда хорижда бўлган туркманистонликларнинг ватанларига қайтмаслик фонида мамлакатдан чиқиб кетаётганларнинг оқими кучайиб бормоқда.

"Дашоғузда ҳаёт яшаб бўлмас даражага келиб қолди. Жуда кўп одамлар, ҳатто полиция, ҳокимият каби давлат хизматида бўлганлар ҳам ишларини ташлаб, хорижга чиқиб кетмоқда. Агар бошқалар билан солиштирадиган бўлсак, улар яхши пул топади. Бу қиёсий албатта, аммо барибир ҳаёт учун етишмайди", –дея 3 июл куни хабар берди Азатлықнинг Туркманистондаги мухбири.

"Хроника Туркменистана" нашри Туркманистонга қайтишни истамаётган Беларусда таҳсил олаётган туркман талабалари ҳақида маълум қилди.

Азатлық мухбирларининг таъкидлашларича, ота-оналарнинг ўзлари ҳам фарзандларини ўқув тугаганидан сўнг Туркманистонга қайтмасликка кўндирмоқда.

Ҳукумат пул топиш мақсадида хорижга чиқиб кетган меҳнат мигрантлари, шунингдек уларнинг Туркманистондаги қариндошларига ҳам босим кўрсатмоқда.

​Туркманистон раҳбарияти миграция билан боғлиқ муаммони расман тан олмайди. Турк амалдорларининг маълумотига қараганда, биргина шу йилнинг март ойи мобайнида Туркияга 23 мингга яқин Туркманистон фуқароси келган.

Азатлық радиосининг Туркманистондаги хабардор манбаларининг маълум қилишларича, сўнгги 10 йилда мамлакат ташқарисига 1 миллион 879 мингдан ортиқ киши чиқиб кетган.​

XS
SM
MD
LG