Ссылки доступа

БМТ: Қирғизистон жаҳонда биринчи бўлиб фуқаролик йўқлиги муаммосини бартараф қилди

Қирғизистон фуқаролик йўқлигига қарши кураш масаласида ҳақиқий ютуқни қўлга киритди: беш йил мобайнида бу мамлакатда фуқаролиги йўқ шахслар сони 13 минг кишидан ноль даражага тушди.

Бу борадаги хабарни БМТ Ахборот хизмати Қочқинлар ишлари Олий комиссарлиги Бошқармаси (ҚИОКБ)га таянган ҳолда тарқатди.

Унинг маълум қилишича, Бишкекда 4 июль куни аввал фуқоролиги бўлмаган 50 киши, улар орасида 15 нафар бола ҳам бор, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва паспорт олгани, шу тариқа Қирғизистон фуқороси бўлганлигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. «Улар «якунловчи» навбатда эди ва энди мамлакатда фуқоролиги йўқ шахслар қолмади», дея таъкидлайди БМТ.

«Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан кейин Марказий Осиёдаги юз минглаб одамлар қайсидир мамлакатнинг фуқоролигидан маҳрум бўлди. ҚИОКБ 2014 йилда ишга туширилган #Ibelong кампанияси доирасида Қирғизистон расмийлари фуқоролиги бўлмаган13 700 кишини, шундан 2000 болани аниқлади ва тегишли чораларни кўрди. #IBelong кампанияси 2024 йилга бориб жаҳонда инсонларнинг фуқоролиги йўқлиги билан боғлиқ муаммони бартараф этиши керак», -дейилади хабарда.

Жаҳонда фуқоролиги бўлмаган ёки бирор бир давлатнинг фуқороси бўлмаган 10 миллионга яқин киши бор. Улар эркин ҳаракат қила олмайди ва кўп ҳолларда камситиш ҳолатлари билан тўқнаш келади.

XS
SM
MD
LG