Таъкидланишича, милиция ходимлари чақирувномани унинг Қўй Тош қишлоғидаги уйига олиб борган. Унда у ИИВ Тергов хизматига гувоҳ сифатида кўрсатма бериш учун чақирилаётгани айтилади.
Биринчи чақирувнома Атамбаевга 8 июль куни юборилган эди. Ўшанда у, ҳуқуқ-тартибот идораларига ишонмаслигини айтиб, сўроққа келмади ва барча ҳуқуқий масалалар бўйича ўзининг адвокати Сергей Слесаревга мурожаат қилишлари мумкинлиги борасида маслаҳат берди.
Атамбаев қайси иш бўйича чақирилаётгани расман эълон қилинмади, бироқ адвокат Сергей Слесарев бу Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиқарилиши билан боғлиқ ишга тааллуқлилигини тахмин қилмоқда. Юрист ИИВга мактуб йўллаб, ўз мижози қонунга зид равишда сўроққа чақирилаётганини, чунки у собиқ президент мақомига эга эканлигини, Жўқорғу Кенешнинг даҳлсизлик мақомини бекор қилиш борасидаги қарори юридик кучга эга эмаслигини таъкидлади.
Парламент 27 июнь куни бош прокурорнинг айблов хулосасини қўллаб-қувватлади ва Алмазбек Атамбаевдан собиқ президент мақомини олиб ташлади.