"Менинг танишимда иккита сигир бор, уй-жой эксплуатация трести ходимлари келишди-да, ҳар бир бош мол учун 800 манатдан жарима ёзишди, натижада бир чорак учун 1600 манат жаримага тортилди. Агар молни йўқотмайдиган бўлса, учинчи чоракда ҳам жаримага тортилишидан огоҳлантиришди", - дея 11 июл куни маълум қилди Азатлық мухбири.
Туркманистон Марказий банки расмий курсига кўра 800 манат 228 АҚШ долларидан сал кўпроқни ташкил қилади. Азатлық мухбирининг таъкидлашича, жарималар ҳар чоракда ёзилади.
Кўпчилик учун деҳқончилик ва уй ҳайвонларини боқиш ягона даромад манбаи ҳисобланади. Азатлық суҳбатдошларининг сўзларига қараганда, кўпчилик уй ҳайвонларидан воз кечишга тайёр, чунки ҳайвонларни боқиш қийинлашиб кетмоқда ва кўплаб ҳаражатларни талаб қилмоқда, бироқ ишлаш учун имкониятларнинг йўқлиги туфайли одамлар мол боқишга мажбур бўлмоқда.
Бир неча ой муқаддам Ашхобод яқинидаги туманлардан бири бўлмиш Чоганлида ҳовлида мол боқиш тақиқланган эди. Бу ҳақда 1 март куни «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.
"Тўғри санитар меъёрлари қабул қилинган. Бу аксилсанитарияга қарши кураш. Шаҳарда мол боқиш тақиқланган. Қишлоқ шаҳар таркибига қўшилиши билан уйда мол боқишга қарши кураш бошланади", - дея хабар беради Азатлық мухбири.
Ашхободда уй ҳайвонларини боқишни тақиқлаш, жарима миқдори ва пойтахтда ҳайвонларни сақлашни тартибга солувчи қоидалар расмий манбаларда йўқ.