Ссылки доступа

Тожикистон бош прокурори “заҳарланган”маҳбуслар қийноқ туфайли вафот этганини инкор қилди


Юсуф Рахмон
Юсуф Рахмон

Тожикистон бош прокуратураси Хўжанддан Душанбега этап қилинган 14 нафар маҳбуснинг қийноқ ва шафқатсиз муносабатда бўлингани туфайли вафот этгани фактини инкор қилди.

Вафот этган маҳбусларнинг айрим қариндошлари бундан аввал матбуотда мурдани ювиш чоғида қариндошларнинг баданида қийноқ ва калтаклар изларини кўрганликларини айтишган эди.

Мамлакат бош прокурори Юсуф Раҳмон 16 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида кескин тарзда маҳбусларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлингани билан боғлиқ фактни рад қилди, унинг баёнот беришича маҳбуслар муддати ўтиб қолган нон истеъмоли оқибатида вафот этган бўлишлари мумкин ва бу ҳодиса прокуратура махсус тергов гуруҳи томонидан ўрганилмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, Хўжанддан Душанбега этап қилинаётганда вафот этган 14 нафар маҳбуснинг яқинда юз берган исёнга мутлақо алоқаси бўлмаган ва бу режалади этап эди.

Айниган нон истеъмол қилганидан сўнг тирик қолган икки маҳбус ҳақида гапирган Юсуф Раҳмон уларнинг аҳволи ҳозирда барқарор эканини ва яқин орада экспертиза хулосалари эълон қилинишини айтди.

Тожикистон Адлия вазирлиги қошидаги Жазони ижро этиш муассасаси маълумотларига қараганда, Хўжанд ва Истаравшандан 7 июль куни учта махсус автомашиналарда Душанбе шаҳри, Нурек ва Яван туманларига 128 нафар маҳбус, шундан 8 нафари аёл этап қилинган. Муассасанинг хабарига қараганда, Варзоб туманидаги Майхура деган жойда маҳбуслардан бири 16 нафар маҳбусга 3 буханка нон тарқатган. Нон истеъмолидан ярим соат ўтиб давлат рақами 024 ВА 01 бўлган автомашина кузовидаги 16 нафар маҳбуснинг боши айланган, кўнгли айниган ва қусиш аломатлари пайдо бўлган.

«18:20да, автомашина ТР Адлия вазирлиги ЖИЭББ тергов муассасасига кириб келганида нон истеъмол қилганларнинг аҳволи оғирлашган. 16 киши ҳушини йўқотди. 18:25да тез ёрдам хизматининг махсус бригадаси тиббиёт мутахассислари жалб қилинган ҳолда ТР Адлия вазирлиги ҳузуридаги ЖИЭББ муассасига етиб келди. Заҳарланиш оқибатида 14 нафар маҳбус халок бўлди», - дейилади расмий хабарда.

Шу билан бирга бир нечта махбуснинг қариндошлари яқинларининг ўлимига заҳарланиш сабаб бўлганига ишонишмаяпти ва мурдаларнинг танасида жароҳат излари борлигини айтишмоқда.

Бу ҳодиса Вахдат колониясидаги қонли исёндан икки ой ўтиб ва Хўжанд колониясидаги тартибсизликлардан саккиз ой ўтиб юз берди. Тартибсизликлар оқибатида 50дан ортиқ киши ўлдирилди. Ҳар икки ҳодисада расмийлар айбни экстремистик руҳда содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган махбусларга юклади. Юсуф Раҳмон шунингдек, Вахдатдаги исённинг тергови амалда якунланганини, бир неча маҳбусга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG